Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, кейинги бир неча ўн йил ичида ортиқча тана вазни ва семизлик муаммоси бутун дунёда кучайиб бормоқда. 2030 йилга бориб, дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин. Семизлик нафақат катталар ўртасида, балки болалар ва ўсмирлар орасида ҳам жиддий муаммога айланиб бормоқда.
Маълумотларда келтирилишича, 1975 йилдан айни пайтга қадар дунёдаги семиз одамлар сони уч баравар ошган. 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган 340 миллиондан зиёд болалар ва ўсмирлар семизликка дучор бўлишган. Мазкур фактлар жамиятимиз учун семизлик жиддий таҳдид эканини кўрсатмоқда.
Ўтган йиллар мобайнида дунё бўйлаб, 1 миллиарддан ортиқ одам ёки ҳар саккиз кишидан бири семизликдан азият чеккан. 1990 йилдан бери катталар орасида семизлик бўйича глобал кўрсаткич икки баравар, болалар ва ўсмирлар орасида эса тўрт баравар кўпайди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Lancet журналида нашр этилган тадқиқотга асосланиб Газета уз нашри хабар бермоқда.
Янги тадқиқотлар натижасига кўра, семизликнинг олдини олиш ва даволашда тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва сифатли тиббий ёрдам муҳим эканини кўрсатган.
Маълумотларга кўра, семизликка қарши курашишдаги глобал мақсадларга эришиш учун илмий тадқиқотлар, ҳукуматлар ва жамиятнинг жамоавий саъй-ҳаракатлари ҳамда ЖССТ кўмагидаги соғлиқни сақлаш муассасалари талаб қилинади. Гебрейесус маҳсулотларининг истеъмолчи саломатлигига таъсири учун жавобгар бўлган хусусий секторнинг ҳамкорлиги ҳам зарурлигини таъкидлади.
Биздачи?
2060 йилга бориб эса Ўзбекистон иқтисодиётига ортиқча вазн ва семириб кетишдан тушадиган харажатлар 21,6 миллиард долларгача ошади, бу аҳоли жон бошига 490 доллар ва ЯИМнинг 4,7 фоизига тўғри келади. Рақамлар умумий харажатларнинг 12 баробар ўсишини англатади.
Ўзбекистонда ўртача Тана массаси индекси 1991 йилдан буён ҳар йили 0,12 пунктга ошди ва 2006 йилда ҳар квадрат метр учун 25 кг га етди.
Тана массаси индекси қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: тана вазни килограммда / бўй эса квадрат метрда. Эркаклар учун идеал тана вазни индекс бўйича 23, аёллар учун эса 21,5 ни ташкил этади.
ЖССТ маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда ўртача тана массаси индекси ҳар квадрат метр учун 26,5 кг ни ташкил қилади, бу Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткичдир.
Юқори тана массаси индекси юрак-қон томир касалликлари, диабет, таянч-ҳаракатланиш тизими касалликлари ва саратон каби юқумли бўлмаган касалликларнинг асосий хавф омилларидан биридир.
Аввалроқ ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 18−64 ёшдагилар орасида ярми оғир вазнли, 20 фоизи семиз ҳисобланиши маълум бўлган. 46 фоизининг қонида эса холестерин миқдори ошган.
Бундан ташқари, ҳар куни аҳолининг учдан икки қисми етарли миқдорда сабзавот ва мевалар истеъмол қилмайди. Шифокорларнинг тавсияларига кўра, катталар кунига камида 400 грамм мева-сабзавот тановул қилиши мақсадга мувофиқ. Аҳолининг ўртача туз истеъмоли кунига 14,9 граммни ташкил этади. Бу ЖССТ томонидан тавсия этилган миқдордан 3 баравар кўп (кунига 5 граммдан ошмаслиги лозим) деганидир.
Тавсия
Маълумки, юриш орқали юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олган бўламиз. Бундан ташқари, жисмоний фаоллик сабаб носоғлом турмуш тарзи, нотўғри овқатланиш, чекиш, ичиш каби салбий иллатларга ҳам чек қўйи- лади.
Гимнастика машқларини бажариш орқали эса мушак тизимини мустаҳкамланади, бўғимлар ҳаракати яхшиланади, куч, тезлик, чидамлилик тарбияланади. Соғломлаштирувчи таъсир кучига эга машқлар туфайли қоматнинг тик ва тўғри ривожланишини таъминлайди.
Аҳолининг 36 фоизи тўғри овқатланмайди
Ўтган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олимпия ва паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда қайд этилганидек, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда нафақат спорт, балки тўғри овқатланиш ҳам долзарб аҳамиятга эга.
Ўтказилган ўрганишларга кўра, аҳолимизнинг 44 фоизи жисмоний фаол эмаслиги, 36 фоизи тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилмаслиги аниқланган.
Аҳоли ўртасида бошоқли, донли маҳсулот, мева-сабзавотлар истеъмоли кескин камайиб, туз ва шакар истеъмоли ортиб бораётгани хавотирларни янада кучайтиради. Оқибатда одамларнинг 56 фоизида ортиқча вазн, 38 фоизида қон босими билан боғлиқ муаммо бор. Юқумли бўлмаган касалликлар эрта ўлимга сабаб бўлмоқда.
Шу боис, “Соғлом инсон – соғлом миллат” умуммиллий ҳаракати бошланади.
Мутасаддиларга соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик тарғиботи билан ҳар бир оилани қамраб олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу йўналишда халқчил ва таъсирчан ижтимоий роликлар тайёрлаб, ҳар куни марказий телеканалларда намойиш этиш лозимлиги таъкидланди.