Яқинда шифохоналарда стерилизация жараёнининг самарадорлигига таъсир этувчи омиллар ва сифат бошқаруви методларининг ролига бағишланган илмий тадқиқот иши тайёрланди. Ушбу тадқиқотда тиббиёт муассасаларида инфекция назоратини кучайтириш, стерилизация жараёнини такомиллаштириш ҳамда амалиётда учрайдиган асосий муаммоларни аниқлаш масалалари ўрганилган.
Мазкур илмий ишнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек стерилизация жараёнининг аҳамияти ҳақида, мазкур илмий иш муаллифи Қўқон шаҳридаги туманлараро перинатал маркази марказий стерилизация бўлими бўлими мутахассиси Шохжахон Халимов фикрларини билиш мақсадида тадқиқот муаллифи билан интервью ташкил этилди.
— Бугун тиббиётда стерилизация масаласи нега бу қадар муҳим бўлиб қолмоқда?
— Чунки бу бемор хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ. Шифохонада қўлланиладиган ҳар бир инструмент тўғри стерилизация қилинмаса, инфекция тарқалиши хавфи пайдо бўлади. Айниқса жарроҳлик, туғруқ ва муолажа жараёнларида бу жуда муҳим.
— Кўпчилик стерилизация деганда фақат автоклавни тушунади. Аслида жараён қандай кечади?
— Аслида стерилизация биргина аппарат билан чекланмайди. Бу бир нечта босқичдан иборат мураккаб жараён. Аввало инструмент йиғилади, кейин дастлабки тозаланади, дезинфекция қилинади, қадоқланади ва шундан кейингина стерилизация қилинади. Ана шу босқичларнинг биттасида хато бўлса ҳам, умумий самара пасайиши мумкин.
— Тадқиқотингизда қайси омил энг муҳим деб топилди?
— Сўровнома натижаларига кўра, энг муҳим омил сифатида инструментларни дастлабки тозалаш сифати кўрсатилди. Респондентларнинг 32 фоизи айнан шу босқич ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб баҳолаган.

— Нега айнан тозалаш босқичи шунчалик муҳим?
— Чунки инструмент юзасида қон, биологик қолдиқ ёки бошқа моддалар қолиб кетса, кейинги стерилизация жараёни тўлиқ самара бермаслиги мумкин. Оддий қилиб айтганда, кир инструментни стерил қилиш қийин.
— Демак, фақат ускунанинг ўзи етарли эмас?
— Албатта. Тадқиқотда яна бир муҳим жиҳат аниқланди — стерилизация ускуналарининг техник ҳолати. Респондентларнинг 24 фоизи бу омилга алоҳида эътибор қаратган. Агар автоклав ёки бошқа ускуналар носоз бўлса, жараёнда муаммо юзага келиши мумкин.
— Инсон омили ҳақида ҳам кўп гапирилади…
— Тўғри. Ҳатто энг замонавий ускуна ҳам билимсиз ёки етарли малакага эга бўлмаган ходим қўлида самара бермаслиги мумкин. Сўровда иштирок этганларнинг катта қисми стерилизациядаги хатолар кўпинча инсон омили билан боғлиқлигини айтган.
— Бу ҳолатнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
— Биринчи навбатда ходимлар малакасини мунтазам ошириш керак. Иккинчидан, стерилизация жараёнини доимий мониторинг қилиш муҳим. Назорат бўлса, хатолар ўз вақтида аниқланади.
— Бугун сифат бошқаруви тизимлари ҳам кўп қўлланилмоқда. Бу қандай аҳамиятга эга?
— Бу жуда муҳим йўналиш. Сифат бошқаруви тизимлари стерилизация жараёнини босқичма-босқич кузатиш, хавфли нуқталарни аниқлаш ва хатоларни камайтиришга ёрдам беради. Бу эса инфекция хавфини пасайтиришда катта аҳамиятга эга.
— Суҳбатимиз якунида тиббиёт ходимларига қандай тавсия берган бўлардингиз?
— Стерилизацияга оддий техник жараён сифатида қарамаслик керак. Бу — бемор ҳаёти ва хавфсизлиги билан боғлиқ муҳим масъулият. Баъзан инсон ҳаёти айнан стерилизация қоидаларига қай даражада амал қилинганига боғлиқ бўлади.