Тиббиёт ходимлари ОИВ инфекциясидан қандай ҳимояланиши керак?

Бугунги кунда тиббиёт ходимлари, айниқса турли муолажаларни бажараётган ўрта тиббиёт ходимлари орасида ОИВ инфекцияси юқиш хавфи сақланиб қолмоқда. Сабаби, улар иш жараёнида қон ва бошқа биологик суюқликлар билан доимий мулоқотда бўладилар.

Мутахассислар таъкидлашича, шприц игнасининг қўлга кириб кетиши, ўткир асбоблардан жароҳатланиш, шиша идишлар синиши ёки биологик суюқликларнинг кўз ва терига сачраши каби ҳолатлар энг кўп учрайдиган тиббий авариялар ҳисобланади.

ОИВ инфекцияси билан яшовчи беморлар сони ортиб бораётгани эса тиббиёт ходимлари учун касбий хавфни янада кучайтирмоқда. Шу боис ҳар бир тиббиёт ходими хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиши муҳим.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил 31 октябрдаги 270-сонли буйруғига асосан, тиббий авария ҳолатларида махсус профилактик чоралар амалга оширилиши белгиланган. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • биринчи ёрдам кўрсатиш;
  • хавф даражасини баҳолаш;
  • ОИВ бўйича лаборатория текширувидан ўтиш;
  • заруратга кўра 28 кунлик профилактик даволашни бошлаш;
  • кейинги тиббий кузатувларни олиб бориш.

Шунингдек, даволаш муассасаларида универсал профилактика қоидаларига риоя қилиш талаб этилади. Жумладан:

  • муолажадан олдин ва кейин қўлни ювиш;
  • қўлқоп, ниқоб, кўзойнак каби ҳимоя воситаларидан фойдаланиш;
  • бир марталик шприц ва игналарни ишлатиш;
  • ишлатилган игналарни махсус контейнерларга ташлаш;
  • тиббий асбобларни тўғри стерилизация қилиш.

Мутахассислар фикрича, ҳар бир беморга эҳтиёткорлик билан ёндашиш, ходимларни мунтазам ўқитиш ва иш жойларида хавфсиз шароит яратиш ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Тиббиёт муассасалари раҳбарлари ва бош ҳамширалар томонидан хавфсизлик қоидалари устидан доимий назорат олиб борилиши эса ижобий натижалар беради.

М.СОТВОЛДИЕВА,
вилоят ОИТС га қарши кураш маркази услубий, профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни ташкил этиш бўлими эпидемиолог врач ёрдамчиси.

——————–