Қўқонда болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази барпо этилади. Уни Австриянинг “AME International” компанияси лойиҳалаштирмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Австрия компаниясининг вакиллари билан учрашиб, педиатрия ва онкология йўналишлари бўйича болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази лойиҳаси билан танишди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Примқулов ҳам иштирок этди.
Учрашувда Қўқон шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган мазкур лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирилди ва меморандум имзоланди. Дастлабки босқичда 15 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция жалб этилиши режалаштирилган.
Маълумки, мазкур компания соғлиқни сақлаш соҳасида инновацион инфратузилмалар яратишда катта тажрибага эга ҳисобланади. У мамлакатимизда юқори даражали тиббий хизмат кўрсатувчи шифохоналарни тўлиқ ҳолда қуриш, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соғлиқни сақлаш тизими учун рақамли ечимларни ишлаб чиқишда муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.