ОИТС — Эътиборсизлик жиноятдир

Ҳар бир инсон соғлом ҳаёт кечиришни истайди. Аммо айрим ҳолатларда биз беморликнинг олдини олиш ўрнига, унга эътиборсизлик қиламиз. Ана шундай хавфли касалликлардан бири — ОИТС (Одамнинг иммунитет танқислиги синдроми) ҳисобланади.

ОИТС нима?

ОИТС — инсон организмидаги иммун тизимини заифлаштирадиган касаллик бўлиб, уни ОИВ (Одам иммун танқислиги вируси) келтириб чиқаради.

Иммун тизими инсон танасини ҳар хил инфекциялардан ҳимоя қилади. Агар у заифлашса, организм энг оддий касалликлар билан ҳам курашолмай қолади.

Қандай йўллар билан юқади?

ОИТС ҳаво орқали ёки оддий мулоқот, қўл бериб сўраш, оғиздан оғизга саломлашиш орқали юқмайди.

Вирус асосан қуйидаги ҳолатларда юқади:

  • Қон орқали (бир марталик бўлмаган шприцлар, қон қуйиш орқали),
  • Жинсий алоқа орқали,
  • Онадан болага (ҳомиладорлик, туғиш ёки эмизиш жараёнида).

Шунинг учун эҳтиёт бўлиш, тиббий қоидаларга қатъий риоя қилиш — ҳар бир фуқаронинг бурчи!

Мен — поликлиника умумамалиёт шифокори сифатида ҳар куни турли беморлар билан мулоқотдаман. Айримлар бу касаллик ҳақида эшитган, лекин тўлиқ тушунмаган бўлади. Энг кўп учрайдиган хато — «бу касаллик менга тегишли эмас» деган фикр. Бу энг хавфли алданишдир.

Ҳар ким, агар эҳтиёт бўлмаса, хавф остида қолиши мумкин. Шунинг учун мен ҳар бир беморга айтаман: —Профилактика — энг яхши даво. Яъни, ҳар бир киши ўзини ҳимоя қилишни ўрганиши лозим.

  1. Текширувдан мунтазам ўтинг (аҳоли орасида ОИВ тестлари бепул).
  2. Фақат ишончли тиббий муассасалар хизматидан фойдаланинг.
  3. Жинсий муносабатларда масъулиятли бўлинг.
  4. Бегона воситаларни (шприц, устара ва ҳ.к.) ишлатманг.
  5. Бу тавсиялар нафақат ўзингизни, балки оилангизни ҳам ҳимоя қилади.

ОИТС — бу нафақат тиббий, балки ижтимоий муаммо. Ҳар биримиз жамият аъзоси сифатида унинг олдини олишга ҳисса қўшишимиз керак.

Соғлом ҳаёт — эътибордан бошланади.
Эътиборсизлик эса — жиноят.

М.ЖАЛИЛОВА,
Фарғона шаҳар 8- оилавий поликлиника шифокори.