Охирги йилларда Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида жаҳон стандартлари даражасидаги юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилиб, беморлар соғлом ҳаётга қайтарилмоқда.
Шифохонада қўлланилаётган энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар даволаш самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Марказда беморлар буйрагидаги тошни лазерда олиб ташлаш бўйича бажарилган амалиётлар ҳам эътиборга молик.
Яқинда бу шифохонада HoLEP минимал инвазив жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди. Навбатдаги операция ҳам айнан шу усулда бажарилди.
Гольмий лазер тиббиёт ускунаси мамлакатимизнинг бир нечта илғор клиникаларида бор холос, – дейди суҳбатимизда филиал бош шифокори Азизбек Юлдашев. – Бунинг ёрдамида кенг тарқалган урологик касалликлар – сийдик йўли тоши касаллиги, простата бези аденомаси касалликларини самарали даволаш имконияти мавжуд. – Шу ускуна орқали яқинда 3 нафар беморни операциядан ўтказдик. Бу амалиётнинг афзаллиги операциядан кейин реабилитацияси тез, бемор икки кундан сўнг уйида бўлади. Ҳеч қандай тиғсиз, кесмасиз, табиий сийдик йўллари орқали бажарилади. Операциянинг давомийлиги 1-1,5 соат бўлади, бемор эртасиёқ оёққа туради. Иккинчи куни уй шароитида даво муолажасини давом эттиради. Ва 1 ой давомида бизнинг назоратимизда туради.
– Бир ҳафта олдин оғриқ пайдо бўлди. Шу шифохонага келдим. Шифокорлар кўришди, ташхис қўйишди ва амалиётни ўтказишди, дейди бемор Бахтиёр Мирзаолимов. – Операция мобайнида ҳеч қандай оғриқ сезмадим. Монитор орқали барча жараённи кўриб турдим. Ҳозирги ҳолатим яхши. Шифокорларга раҳмат айтаман.
Умуман олганда марказда ўта мураккаб операциялар деярли ҳар куни амалга оширилади. Масалан, буккал уретропластика «Double Face» амалиёти, икки томонлама уретероцистонеоанастамоз каби амалиётлар муваффаққиятли бажарилиб келинмоқда.
Яқин-яқингача фарғоналик беморлар юқори технологик муолажалар талаб этилган ҳолатларда пойтахтга ёки хорижга юборилар эди. Энди эса бундай ноёб амалиётлар ўзимизда ўтказилиши кўп йиллик орзу ҳақиқатга айланди.