Фото: doctorpiter.ru
Инсон соғлом ва узоқ умр кўришига таъсир этувчи бир қанча омиллар мавжуд. Овқатланиш тартиби, озуқалар таркиби, дам олиш ва ишни тўғри ташкил этиш, ижтимоий муносабатлар, табиат ва жамиятнинг таъсири, ирсий омиллар шулар жумласидандир. Биргина тўғри овқатланиш тартибини йўлга қўйиш орқали юқори ҳазм йўллари хасталикларини бир неча бараварга камайтириш мумкин.
Шифохонада ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак ўт қопи ва ўт йўллари хасталиклари билан амбулатор мурожаат этган беморлардан анамнез йиғиб таҳлил қилиш давомида маълум бўлдики, беморларнинг 80 фоизидан ортиғида овқатланиш вақтларида турли даражада бузилишлар бор экан. Бу нотўғри кун тартибини энг кўп учраётган шакли – эрталаб нонуштани қилмаслик ёки бир неча соатга кечиктиришдир. Тушлик ёки кечки овқатланишни тарк этиш, овқатланиш вақтларини одатдаги вақтлардан бир неча соат кечиктириш ҳолатлари ҳам тез-тез учраб туради. Бу каби нотўғри овқатланиш тартибини салмоғи ортишида тобора жадаллашиб бораётган тиғиз ҳаёт тарзи, электрон технологиялар ва гаджетлар, озуқалардаги сунъий компонентлар, инсоннинг ўз маънавий-тарбиявий ҳолати кабилар катта аҳамиятга эга.
“Эрталаблари нонуштага иштаҳам бўлмайди, мажбур нонушта қилолмайман”, дейишингиз мумкин. Демак, ошқозон-ичак тизимингизда турли касалликлар бошланган бўлиши мумкин. Шунинг учун бу ҳолатга бефарқ бўлмасдан зудлик билан гастроэнтеролог-шифокорга мурожаат қилишингизни тавсия этамиз.
С. ПИРМАТОВ,
гастроэнтеролог-шифокор.