Куз-қиш мавсуми кириб келиши билан ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) билан касалланиш ҳолатлари кескин ошади. Ҳарорат кўтарилиши, томоқ оғриғи, йўтал, умумий ҳолсизлик каби белгилар аҳолининг барча қатламларида учрамоқда. Мазкур касалликларнинг олдини олиш ва иммунитетни мустаҳкамлаш борасида Фарғона шаҳар 9-оилавий поликлиника оилавий шифокори Нилуфар Ўринова ўз фикр ва тавсиялари билан ўртоқлашди.
— Нилуфар Тоировна, мавсумий ЎРВИ нима сабабли айнан шу даврда кўпаяди?
— Асосий сабаб — ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши, одамларнинг кўпроқ ёпиқ жойларда бўлиши ва иммунитетнинг сусайишидир. Бу даврда организм вирусларга нисбатан заифроқ бўлади.
— Касалликка чалиниш хавфини камайтириш учун нималарга эътибор бериш керак?
— Биринчи навбатда, турмуш тарзига аҳамият бериш лозим. Жисмоний ҳаракат етарли бўлмаса, иммун тизим ҳам тўлиқ ишламайди. Ҳар куни камида 30–40 дақиқа пиёда юриш, енгил машқлар, тоза ҳавода ҳаракат қилиш жуда муҳим.
— Овқатланиш масаласи ҳам муҳимми?
— Албатта. Витаминларга бой, мувозанатли овқатланиш иммунитетни мустаҳкамлайди. Рационда мева-сабзавотлар, айниқса С витаминига бой лимон, апельсин, олма, сабзи, карам, кўкатлар бўлиши шарт. Шунингдек, оқсилга бой маҳсулотлар — гўшт, тухум, сут маҳсулотлари ҳам организм учун зарур. Тўғри, баъзида етарли овқатланишга бироз маблағимизни аяймиз. Масалан, кунига камида 200–300 грам мева ейиш зарур. Сабзавотларни канда қилмаслик керак. Шунинг учун аҳолига шуни айтаманки, ҳеч бўлмаса қиш мавсумида овқатланишга пулни аямаслик керак.
— Ёшлар ва иш жойида фаол бўлганлар учун қандай тавсия берган бўлардингиз?
— Уйқуни меъёрга солиш, стрессдан сақланиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш жуда муҳим. Қўлни тез-тез ювиш, ниқобдан фойдаланиш, касал одамлар билан яқин алоқани чеклаш касаллик тарқалишининг олдини олади.
Мутахассиснинг таъкидлашича, ЎРВИни енгил қабул қилиш ва ўзбошимчалик билан даволаниш асоратларга олиб келиши мумкин. Шу боис, касаллик белгилари пайдо бўлганда ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш муҳим.
Суҳбатдош И.Абдужабборов.