Қиш таоми — эҳтиётсизликдан заҳарга айланмасин!

Қиш фасли кириб келиши билан кўпчилик хонадонларда ёз ва куз фаслларида меҳр билан тайёрланган консерваланган маҳсулотлар дастурхонга тортилади. Аммо айни шу ширин “қиш заҳираси” баъзан саломатлик учун жиддий хавф туғдириши мумкин.

Фарғона шаҳар 9-оилавий поликлиника умумамалиёт шифокори Шахло Исақованинг таъкидлашича, уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларидан ботулизм деб аталувчи оғир заҳарланиш ҳолатлари келиб чиқиши эҳтимоли юқори.

— Аксарият бекалар йилнинг ҳосилдор фаслларида мева-сабзавотлардан турли маринад ва консервалар тайёрлаб, қиш учун ғамлайди, — дейди мутахассис. — Бироқ уй шароитида ҳар доим ҳам етарли босимда термик ишлов бериш имкони бўлмагани сабабли, ботулизм қўзғатувчи споралар сақланиб қолиши мумкин. Улар кислородсиз муҳитда ривожланиб, ўта кучли — ботулинотоксин заҳрини ҳосил қилади. Бу модда инсон саломатлиги учун жуда хавфли бўлиб, ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаса, ўлимга олиб келиши мумкин.

Ботулизм микроби ташқи муҳитга жуда чидамли: у 100°C да 6 соат, 120°C да эса 10 дақиқагача тирик қолиши мумкин. Шу сабабли оддий қайнатиш ёки стерилизация ҳар доим ҳам уни йўқ қила олмайди.

Ботулизм — энг оғир турдаги заҳарланиш бўлиб, унинг белгилари 2–4 соатдан 14 кунгача ичида намоён бўлади. Токсин асосан асаб тизимига таъсир этади ва қуйидаги белгилари билан кечади:

  • нафас олишда қийинлашиш, оғиз ва томоқнинг қуриши;
  • қорин соҳасида оғриқ, кўзда иккита кўриниш (диплопия), кўз қовоқларининг осилиб қолиши;
  • ютиниш ва гапириш қийинлашиши;
  • кўнгил айниши, кўп марта қусиш;
  • заифлик, ҳолсизлик ва ҳаракатда мувозанатни йўқотиш.

Беморнинг сўзлари тушунарсиз бўлиб қолиши, оёқ ва бўйин мушакларининг заифлашиши кузатилади. Агар бу ҳолатда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмаса, оқибати жуда оғир бўлиши мумкин.

Шу боис мутахассислар аҳолини эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишга чақирмоқда.

Овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича аҳоли билан тарғибот суҳбати жараёнидан лавҳа.

Ботулизмнинг олдини олиш учун тавсиялар:

✅ уй шароитида консерва тайёрламаслик ёки уни фақат тўғри шароитда стерилизация қилиш;
✅ бозор ёки кўчада номаълум манбада тайёрланган маҳсулотларни харид қилмаслик;
✅ қопқоғи шишиб чиққан ёки ранги ўзгарган банкаларни мутлақо очмаслик;
✅ маҳсулотларнинг сақлаш муддати ва сифатига диққат қилиш;
✅ таом тайёрлашда шахсий гигиена ва тозалик қоидаларига риоя этиш.

Шахло Исақованинг сўзларига кўра, ботулизмни даволашдан кўра унинг олдини олиш анча осон. Шунинг учун ҳар бир фуқаро эҳтиёт чораларига амал қилиши — нафақат ўзининг, балки яқинларининг соғлигини ҳам асрайди.