ОИТС ҳақида очиқча: ҳаётни асрайдиган маълумотлар

1 декабрь — жаҳон ҳамжамиятини огоҳликка чорлайдиган, инсонлар онгида соғлиқ ва хавфсиз ҳаёт тарзига оид масъулиятни оширадиган муҳим сана. 1988 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мазкур кунни Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни деб эълон қилган.

Бу йил БМТнинг ОИТСга қарши кураш қўшма дастури ташаббуси билан тарғибот ойлиги “Соғлом ҳаёт сари биргаликда!” шиори остида 1 ноябрдан 1 декабргача ўтказилди. Мазкур ташаббуснинг асосий мақсади — ОИТСни енгишга тўсқинлик қилаётган тенгсизлик ва руҳий тўсиқларни камайтириш, одамларни ўз соғлигига бепарво бўлмасликка чақиришдир.

ОИТС ва ОИВ — нима ўзи?

ОИВ — одам иммунитети танқислиги вируси бўлиб, инсон танасида умр бўйи сақланади ва иммун тизимни издан чиқаради. Вирус организмга тушган дастлабки йилларда деярли ҳеч қандай аломат бермаслиги мумкин. Айрим ҳолларда одам 8–10 йил давомида ўзини соғлом деб ўйлаши ҳам табиий.

Бироқ вирус активлашиши билан иммун тизим заифлашади ва ОИТС (орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) шаклланади. Бу босқичда одам:

  • сабабсиз узоқ давом этувчи йўтал,
  • тез ва кескин озиб кетиш,
  • узоқ вақт тана ҳароратининг кўтарилиши,
  • давомли ич кетиш,
  • оғиз бўшлиғида яллиғланиш,
  • турли инфекциялар ва ўсмалар пайдо бўлиши каби оғир аломатларни бошдан кечиради.

Вирус қай тарзда юқади?

ОИВ фақат махсус ҳолатларда юқади. Улар қуйидагилар:

  • Ҳимоясиз жинсий алоқа
  • Гиёҳванд моддаларни биргаликда игна орқали қабул қилиш
  • Текширилмаган қон маҳсулотлари қуйиш
  • Зарарсизлантирилмаган тиббий асбоблардан фойдаланиш
  • Ҳомиладор онанинг вирусни болага ўтказиши (ҳомила, туғруқ ёки эмизиш жараёнида)

Шу боис ҳар бир инсон эҳтиёт чораларига амал қилиши, шубҳали ҳолат бўлганда эса ўз вақтида текширувдан ўтиши жуда муҳим.

Қайси муассасаларда бепул текширувдан ўтиш мумкин?

Фарғона вилоятида:

  • Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази,
  • Туманлараро ОИТС лабораториялари аҳоли учун ихтиёрий ва махфий тарзда текширув ўтказади.
Қонунчиликка мувофиқ, ҳар бир беморнинг натижаси сир сақланади ва ҳеч кимга ошкор этилмайди.

Нима учун бу ҳақда очиқ гапириш керак?

ОИВ — нафақат тиббий, балки ижтимоий муаммо. Унинг тарқалиши оилавий муносабатларга, руҳий ҳолатга, иқтисодий барқарорликка ҳам таъсир қилади. Шу сабабли жамиятдаги стереотиплар, қўрқувлар ва тушунмовчиликларни йўқотиш — профилактиканинг энг муҳим қисми.

Ҳар биримиз:

  • бир-биримизга ҳурмат билан муносабатда бўлиш,
  • ахлоқий маданиятга амал қилиш,
  • ўзимизни ва яқинларимизни ҳимоя қилиш,
  • соғлом турмуш тарзига амал қилиш каби масъулиятларни зиммамизга олишимиз зарур.

Соғлом ҳаёт — ўз қўлимизда. Асосий мақсадимиз — ОИТСдан ҳимояланиш, беморларни қораламаслик, аксинча, уларга ёрдам, эътибор ва меҳр кўрсатиш.

Саломатлик — энг катта неъмат. Шунинг учун: ўзимизни эҳтиёт қилайлик, яқинларимизни асраб-авайлайлик, соғлом ҳаёт сари биргаликда қадам ташлайлик!

М.СОТВОЛДИЕВА,
Фарғона вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази эпидемиолог ёрдамчиси.