Саткакда тиббиёт пункти фаолияти тикланди

Фарғона шаҳрининг Саткак маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган тиббиёт пункти маълум бир сабабларга кўра вақтинча иш фаолиятини тўхтатган эди. Аммо маҳаллий аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу шифо маскани эндиликда қайтадан ўз ишини бошлади.

Пунктнинг ишга тушиши саткакликлар томонидан катта мамнуният билан қарши олинди. Чунки ушбу маскан маҳалладаги аҳолига яқин, қулай ва тезкор тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини яратади.

Айни пайтда тиббиёт пунктига Фарғона шаҳар 10-сонли оилавий поликлиникадан тажрибали мутахассислар бириктирилган. Бу эса кўплаб касалликларни барвақт аниқлаш, керакли маслаҳат ва муолажаларни маҳалланинг ўзида амалга оширишга имкон яратмоқда.

Шунингдек, тиббиёт пунктида 2 койкали амбулатор ўрин-жойи ташкил этилган бўлиб, унда беморларга мутахассислар томонидан муолажалар ўтказилади. Маскан барча зарур дори-дармон воситалари билан таъминланган ва кундалик тиббий эҳтиёжларни қондиришга тўлиқ шай ҳолга келтирилган.

Бу ўзгаришлар Президент фармонлари ва соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасидир. Маҳаллий аҳоли эндиликда тиббий хизмат олиш учун узоқ масофаларга юрмасдан, ўз маҳалласида сифатли хизматдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.