Эрта аниқла — ҳаётни сақла!

Октябрь ойи дунё миқёсида кўкрак бези саратонига қарши кураш ойи сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан юртимизда ҳам 2 октябрдан бошлаб «Эрта аниқла — ҳаётни сақла» шиори остида миллий акция старт олди.

Акция доирасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали жамоаси беморлар билан учрашув ташкил этди. Марказ директори Отабек Каримов ва шифокорлар даволанаётган аёллар ҳолидан хабар олиб, уларга самимий сўзлар билан руҳий кўмак берди, яратгандан шифо тилади.

— Бу каби мулоқотлар беморлар учун катта маънавий таянч бўлади, — дейди шифохона бўлим бошлиғи Шавкат Бобоев. — Шу билан бирга, биз ҳар бир аёлни ўз соғлиғига бефарқ бўлмасликка, скрининг текширувларидан ўз вақтида ўтишга чақирмоқдамиз. Эрта аниқланган ҳар бир ҳолат — инсон ҳаётини сақлаб қолиш имкониятидир.

ҳамширалар
Бош ҳамшира
бўлим бошлиғи
01

Беморлар ҳам шифокорларнинг меҳнатидан миннатдорлик билдирдилар.

Зебохон Ҳасанова:
— Бу ердаги шифокорлар жуда масъулиятли ва хушмуомила. Бугун яна бир бор ҳолимиздан хабар олиб, кўнглимизни кўтаришди. Уларга чин дилдан раҳмат айтаман.

Зебохон Ҳасанова.

Эъзозхон Насвалиева:
— Шифохона шароити яхши, муаммолар йўқ. Шифокорлар барча имкониятни ишга солишяпти. Уларга барака берсин, ҳар куни бизга куч ва ишонч бағишлашади.

Эъзозхон Насвалиева.

Гуласал Нариблаева:
— Ҳамма шифокорларга раҳмат. Улар бизга ишонч бағишлади. Биз албатта бу дардни енгамиз.

Гуласал Нариблаева.

Акциянинг асосий мақсади — 30 ёшдан 65 ёшгача бўлган аёллар ўртасида скрининг текширувларини жорий этиш, шу орқали кўкрак ва бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш тизимини такомиллаштиришдир.

2025–2030 йилларга мўлжалланган давлат дастури ушбу хавфли касалликлардан ўлим ҳолатларини камайтириш, аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш ва онкологик ёрдам инфратузилмасини янада ривожлантиришга қаратилган.