Бугун тиббиёт фақат касалликни даволаш билан эмас, унинг олдини олиш билан ҳам ўлчанади. Инсон соғлом бўлиши учун доридан кўра билим, ташхисдан кўра тарғибот, касалхонадан кўра тўғри ҳаёт тарзи муҳим. Ана шу тамойилни ҳаётга татбиқ этиб келаётган жамоалардан бири — Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳисобланади.
Ўтган бир йил давомида ҳудудий бўлинма томонидан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, зарарли одатларга қарши курашиш, тиббий маданиятни ошириш ва жисмоний фаолликни профилактика билан уйғунлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ҳафталик “соғлом кунлар” — онгни ўзгартириш модели
Ҳар ҳафтанинг кунлари мавзули равишда белгиланди:
- Душанба — “Стрессларга қарши кураш куни”,
- Сешанба — “Туз ва шакарни чеклаш куни”,
- Чоршанба — “Тамакисиз кун”,
- Пайшанба — “Соғлом овқатланиш куни”,
- Жума — “Пиёда юриш куни”,
- Шанба — “Саломатлик куни”.
Бу ёндашув орқали соғлом ҳаёт тушунчаси бир марталик акция эмас, балки кундалик одатга айлантирилди.
Ойдиной Насритдинова, Фарғона бўлими бошлиғи:
—Бизнинг асосий мақсадимиз — аҳолига касалликдан кейин эмас, унинг олдини олиш ҳақида билим бериш. Ҳар бир тадбир, ҳар бир суҳбат орқали одамлар ҳаётида кичик, лекин муҳим ўзгаришлар юзага келиши мумкин. Бу ишлар биз учун фақат вазифа эмас, балки фидойиликдир.

Кенг қамровли тарғибот — рақамлар ва таъсир
“Соғлом овқатланиш”, “Соғлом аёл”, “Соғлом маҳалла”, “Зарарли одатларсиз соғлом ҳаёт”, “Болалар ва ўсмирлар саломатлиги”, “Семизликка қарши кураш”, “Қандли диабет”, “Инфаркт ва инсультнинг олдини олиш” каби йўналишларда 80 576 та тадбир ўтказилди:
- мактабларда — 3 502 та,
- олий ва ўрта таълим муассасаларида — 64 та,
- маҳаллаларда — 63 679 та,
- аҳоли кўп тўпланадиган жойларда — 917 та,
- бошқа ҳудудларда — 12 414 та.
Бахтиёр Бекмирзаев, Бағдод тумани бўлими врачи-валеолог:
—Мен учун аҳоли билан ишлаш — умрим давомида энг катта бахтларимдан бири. Тарғибот орқали одамларнинг ҳаётида кичик, лекин муҳим ўзгаришлар юзага келади. Кексалардан тортиб болаларгача, ҳар бир инсоннинг соғлом ҳаётига ҳисса қўшиш — менинг фаоллигимнинг асосий мақсади. Йиллар давомида кўрган тажрибам шуни кўрсатдики, профилактика, маслаҳат ва оддий одатлар энг самарали дори бўлиши мумкин.

Тадбирлар турли форматда олиб борилди: “Саломатлик дарслари”, очиқ суҳбатлар, семинарлар, учрашувлар, “Саломатлик майдончаси” лойиҳалари. Натижада 692 722 нафар аҳоли вакиллари бевосита иштирок этди.
Ойгулхон Ҳокимова, Тошлоқ тумани бўлими врачи:
—Ҳар бир тадбирда аҳоли билан бевосита ишлаш мен учун энг катта бахт. Мактаблар, маҳаллалар ва аҳоли кўп тўпланадиган жойларда олиб борилаётган тарғибот ишлари нафақат билим беради, балки одамларнинг ҳаётида ҳақиқий ўзгаришлар яратади. Ҳар бир катта ёшдаги, ҳар бир бола ва ёшлар соғлом ҳаёт тарзига эътибор қаратса, бу — энг катта натижа.
Гулмира Мақсудова, Фарғона тумани бўлими врачи:
—Ҳар бир суҳбат, ҳар бир семинар аҳоли ҳаётида кичик, лекин муҳим таъсир қолдиради. Биз болалар ва ўсмирлар соғлом ҳаёти, катта ёшдаги жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланишга эътибор қаратишга ҳаракат қиламиз. Бу ишлар орқали нафақат касалликларнинг олдини олиш, балки одамлар ҳаётига сифат қўшиш мумкин.”

—Бугунги кунда газета ва журналларнинг ўрнини ижтимоий тармоқлар эгаллаб, улар ҳаётнинг бир бўлагига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Касалликларни олдини олишда замон билан ҳамнафас бўлишга интилаётган Саломатлик ва стратегик ривожланиш институтининг электрон тарзда тарқатма материаллари ҳам аҳолига етиб бормоқда, — дейди Ойдиной Насритдинова. —Бироқ туман ва шаҳарларда бу каналларга эътибор деярли йўқ. Каналларда берилган мақолалар тиббиёт ходимлари орқали аҳоли орасида тарқалиши суст. Кўпчилик Саломатлик бўлимлари хоналари талаб даражасида эмас, интернет тармоқларига уланмаган, компьютер ва принтерлар эски ёки яроқсиз ҳолатда. Шу боис тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари бу масалага жиддий эътибор қаратиши керак.
Айрим раҳбарлар ҳаттоки топшириқларнинг бажарилиши ҳақида ҳам тўлиқ тасаввурга эга эмаслар. Соҳа ходимлари турли тадбирлар ташкил этиш, семинарлар ўтказиш ва маълумотларни юқори ташкилотларга тақдим қилиш билан бир қаторда, аҳоли орасида тарғибот ишларида ҳам фаол қатнашиши зарур.
Ёлғиз отни чанги чиқмас, дегандек, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсакгина белгиланган вазифаларни бажара оламиз. Шу боис ҳамманинг эътибори ва ёрдами катта аҳамиятга эга.
