Икки карра республика ғолиби — Муқаддасхон Расулова

Ҳақиқатни аниқлаш катта масъулият. Суд тиббиёти эса шундай соҳаки, унда ҳар бир хулоса ортида инсон тақдири туради. Бу тизимда йиллар давомида сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган мутахассислардан бири — Муқаддасхон Расулова.

Қўқон шаҳрида туғилиб вояга етган Муқаддасхон ёшлигидан тиббиётга қизиқди. Мактабни имтиёзли тугатгач, тиббиёт коллежида таҳсил олди. Аъло баҳолар билан қўлга киритилган диплом унинг келажакдаги муваффақиятларига пойдевор бўлди.

Меҳнат фаолиятини лаборантликдан бошлаган Муқаддасхон Расулова бугун Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Фарғона филиали Қўқон туманлараро бўлимида тажрибали мутахассис сифатида эътироф этилмоқда. Унинг касбига садоқати, таҳлилий фикрлаши ва ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиши ҳамкасблари ҳурматини қозонган.

Суд тиббиётида аниқлик ва сабр энг муҳим мезонлардан. Муқаддасхон эса ана шу фазилатларни ўз фаолиятида намоён этиб келмоқда. Шу боис у соҳадаги турли танлов ва кўрикларда ҳам муносиб иштирок этиб, юқори натижаларга эришди.

2025-йили Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказида ўтказилган “Йилнинг энг яхши ўрта тиббий ходими” танловининг республика босқичида 1-ўринни эгаллади. Яқинда эса “Ҳамшира — 2026” республика танловида “Йилнинг энг яхши лаборанти” номинацияси ғолиби бўлиб, яна бир бор касбий маҳоратини намоён қилди.

Унинг меҳнати давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ҳам эътироф этилган. Аммо Муқаддасхон Расулова учун энг катта мукофот — ўз касби орқали одамларга наф келтираётганини ҳис қилишдир.