Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг хусусий тиббиёт ва тиббий туризмни ривожлантириш шўъбаси бош мутахассиси Дилшодбек Сотволдиев билан Президентнинг янги Фармони мазмуни ва унинг аҳоли ҳамда хусусий сектор учун аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.
— Ушбу Фармоннинг асосий мақсади нимада? Оддий қилиб тушунтириб берсангиз.
— Асосий мақсад — тиббиёт соҳасида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва рақобатни кучайтириш орқали хизматлар сифатини ошириш. Яъни, давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотлари учун тенг шароит яратилади. Бу эса аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг сифати ва қулайлигини яхшилашга хизмат қилади.
— Бу қарор аҳоли учун нимани ўзгартиради? Оддий бемор нимани ҳис қилади?
— Энг катта ўзгариш — беморда танлов имконияти кенгаяди. Энди у нафақат давлат, балки хусусий клиникаларда ҳам давлат маблағлари ҳисобидан даволаниши мумкин. Бу рақобатни кучайтириб, хизмат сифати ошишига олиб келади. Шу билан бирга, навбатлар қисқариши ва хизматлар тезлашиши кутилмоқда.
— Хусусий клиникалар учун қандай имкониятлар очиляпти?
— Фармон билан хусусий тиббиёт ташкилотлари учун жуда катта имкониятлар яратилди. Энг муҳими — улар давлат тиббий суғуртаси тизими орқали беморларга хизмат кўрсатиши мумкин. Шунингдек, лицензия ва шартномалар олиш жараёнлари соддалаштирилди, ортиқча бюрократик тўсиқлар қисқартирилди.
Яна бир муҳим жиҳат — эндиликда вилоят марказларидан ташқари ҳудудларда, айниқса чекка ва чегараолди туманларда замонавий клиникалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Бешариқ, Сўх, Риштон тумани ҳамда Қувасой шаҳрида клиника очмоқчи бўлган тадбиркорлар учун имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган. Бу орқали малакали шифокорларни чекка ҳудудларга жалб қилиш ва аҳолига сифатли тиббий хизматни яқинлаштириш кўзда тутилган.
— 200 миллион долларлик кредит линияси ва янги механизмлар амалда қандай ишлайди?
— Президент Фармонига мувофиқ, Ўзмиллийбанк АЖ томонидан 200 миллион долларлик имтиёзли кредит линияси очиляпти. Бу маблағлар асосан ҳудудларда замонавий клиникаларни ташкил этишга йўналтирилади. Тадбиркорлар 10 йилгача, 3 йиллик имтиёзли давр билан кредит олиб, юқори технологияли тиббий марказлар очиши мумкин. Шу билан бирга, давлат томонидан фоиз ставкасининг бир қисми қоплаб берилади, бу эса инвестицияни янада жозибадор қилади.
— Хусусий секторга трансплантацияга рухсат берилиши қанчалик муҳим?
— Бу жуда катта қадам. Чунки бу орқали юқори технологияли тиббий хизматлар сони ошади. Лекин бу йўналишда талаблар жуда қаттиқ: аккредитация, қатъий назорат ва хавфсизлик чоралари белгиланган. Яъни, сифат ва хавфсизлик биринчи ўринда қолади.
— Рақобат ошса, сифатни ким назорат қилади?
— Назорат давлат томонидан қатъий сақланади. Лицензиялаш, аккредитация ва мониторинг тизимлари орқали тиббиёт ташкилотлари фаолияти доимий назоратда бўлади. Шу билан бирга, эндиликда давлат тиббиёт муассасалари учун ҳам лицензия талаблари татбиқ этилиши режалаштирилган. Бу эса давлат ва хусусий сектор ўртасида ягона ва адолатли тизим шаклланишига хизмат қилади.
— Бу ўзгаришлар Фарғона вилояти учун қандай аҳамиятга эга?
— Фарғона вилоятида аҳоли зичлиги юқори, шунинг учун тиббий хизматларга талаб катта. Ушбу Фармон орқали ҳудудда янги хусусий клиникалар очилиши, инвестициялар кириб келиши ва тиббий хизматлар сифати ошиши кутилмоқда. Бу эса аҳолига янада қулай ва тезкор хизмат кўрсатиш имконини беради.
— Қисқача айтганда, бу Фармонни қандай баҳолайсиз?
— Бу Фармон тиббиёт соҳасида янги босқични бошлаб беради. У хусусий секторни қўллаб-қувватлаш орқали рақобатни кучайтиради ва энг муҳими — аҳоли учун сифатли тиббий хизматларни таъминлашга хизмат қилади.
Суҳбатдош Иқболжон Абдужабборов.
——————-