Бугунги кунда аҳоли орасида буйрак билан боғлиқ касалликлар тобора кўпайиб бормоқда. Ачинарлиси, кўпинча ушбу хасталикка етарлича эътибор берилмайди. Шу боис, вақт ўтиши билан касаллик авж олиб, буйрак етишмовчилигига олиб келади. Бу эса буйраклар фаолиятининг секин-аста тўхташи, ҳатто тўлиқ ишдан чиқишига сабаб бўлади.
Бундай ҳолатда бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун мунтазам гемодиализ сеансларини олишига тўғри келади. Яъни инсон ҳаёти сунъий йўл билан қонни тозалаш аппаратларига боғлиқ ҳолга келади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда буйрак хасталикларига чалинган беморлар учун сифатли ва малакали тиббий хизматлар кенг жорий этилмоқда. Айниқса, ҳудудларда нефрология ва гемодиализ бўлимларининг ташкил этилиши муҳим қадам бўлди. Ушбу бўлимлар замонавий тиббий жиҳозлар ва халқаро стандартларга жавоб берадиган асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда.
Фарғона вилояти мисолида ҳам бу борадаги ишлар алоҳида эътирофга лойиқ. Вилоятда гемодиализ хизматларини кенг қамровда йўлга қўйиш, шифокорлар малакасини ошириш ва беморлар учун қулай шароитлар яратиш борасида самарали ишлар амалга оширилди.
Хусасан, Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарлари, шунингдек, Бағдод ва Ёзёвон туманларидаги тиббиёт муассасалари замонавий гемодиализ аппаратлари билан жиҳозланган. Ушбу марказларда буйрак етишмовчилигидан азият чекувчи беморлар учун мунтазам равишда гемодиализ муолажалари ўтказилмоқда.
Марғилон шаҳар марказий шифохонасида ҳам бир неча йиллар аввал буйрак етишмовчилиги касаллиги билан даволанувчи беморлар учун нефрология ва гемодиализ бўлими ташкил этилган. Бу ерда беморлар 4 сменада гемодиализ сеансларини олиб келишмоқда. Тўғри, аввалига бу ерда шароит қониқарли даражада бўлмаган. Гемодиализ қилувчи аппаратлар эскирганлиги, таъмирга муҳтожлиги сабаб ушбу муолажаларни олишда беморларга кўплаб ноқулайликлар туғдирган. Лекин, 2024 йили бўлимнинг замонавий гемодиализ аппаратлари билан таъминланиши, бу ерда муолажа олувчи беморларни жуда ҳам хурсанд қилди. Шинам, ёруғ хоналар барча зарурий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланиб тиббий хизматлар ўз вақтида сифатли олиб борилмоқда.
-Шифохонамизда беморларимизни гемодиализ муолажаларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширишлари учун барча зарурий шарт-шароитларни яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз,-дейди нефрология ва гемодиализ бўлими шифокори, нефролог Ҳакимжон Оббосов.
-Аввало буйрак хасталигига чалинган беморалар назоратга олиниб, улардан турли анализ таҳлиллар олиниб, таҳлиллар хулосасига асосан, турли муолажалар белгиланади. Иложи борича биз шифокорлар беморларни гемодиализ олиш даражасига етиб келмасликлари учун барча даво муолажаларини амалга оширамиз. Бироқ, кўп ҳолларда инсонларнинг ўз саломатилигига бўлган бе эътиборлиги сабаб буйрак тамом ила ишдан чиқиш даражасига етгандагина келиб, мурожаат қилишлари, охир оқибат, гемодиализга уланишларига сабаб бўлади. Шу сабаб биз доимо ҳамюртларимизга ўз соғликларига доимо эътибор қаратишларини тайинлаймиз. Диализдаги беморлар саломатлиги эса доимий назоратда олиб борилади. Албатта, гемодиализ буйраклар ўз вазифасини бажара олмаганда уларнинг вазифасини вақтинча бажарадиган тиббий усулдир. Бунда организмдан чиқиб кетиши керак бўлган махсулотлар мочевина креатин ортиқча сув ва электролитлар махсус аппарат ёрдамида тана ичиидан чиқариб юборилади. Бемор хафтасига 2-3 марта шифохонада гемодиализ сеансларини олади. Ҳар бир сеанс 4 соат давом этади. Қон махсус аппарат орқали филтрланади ва қайта организмга юборилади.

Тан олиш керак, гемодиализ олувчи беморлар бошида тушкунликка тушиб қолишлари мумкин. Бу ҳолатда уларга яқинлари далда, мотивация беришлари, диализ олувчи беморларни доимо кайфиятларини кўтаришлари керак. Бу эса тушкунликдан чиқиш учун ёрдам бўлади. Тажрибамдан олиб айтишим мумкинки, диализ олувчи айрим беморлар давлат ишларида ишлаб, ёки олийгоҳларда ўқиб, ҳаттоки чет эл саёҳатларига бориб, ўз вақтида Албатта кўп ҳолатларда эса беморларимиз буйрак кўчириб ўтказиш операциясини ўтказиб яна соғлом ҳаёт кечираётганликлари бизларни янада қувонтирмоқда. Биз шифокорлар албатта, беморларимизнинг ушбу хасталикдан фориғ бўлиб, соғлом ҳаётга кечиришларини истаймиз.
Дунёда ҳар бир касаликка беэътибор қараш, вақтида олдини олмаслик келгусида хавфли ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Зеро, халқимизда “Касалини яширсанг истимаси ошкор қилади” деган гаплар бежизга айтилмаган. Касалликни ўз вақтида аниқлаш, тўғри даволаш ва турмуш тарзини назорат қилиш орқали унинг асоратларини енгиллаштириш мумкин. Энг муҳими ҳар бир инсон ўз саломатлиги учун маъсулиятни ҳис қилиб профилактикага эътибор қаратиб яшаса ҳаёти чароғон ва фаровон бўлади.
Фотима МАНСУРОВА.
журналист.