Янги йил Фарғонада гўдаклар кулгуси билан бошланди

Янги 2026 йил Фарғона вилояти учун қувончли ва хайрли янгиликлар билан бошланди. 1 январь куни соат 00:10 да Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида янги йилнинг илк чақалоғи — салкам 4 килограмм вазндаги соғлом ўғил бола дунёга келди.

Орадан ярим соат ўтиб, соат 00:40 да Олтиариқ туманидаги туғруқ комплексида яна бир қувончли воқеа қайд этилди: 3460 грамм оғирликдаги соғлом қизалоқ туғилди.

Умуман олганда, 1 январь куни Фарғона вилоятида 216 нафар гўдак таваллуд топди. Улардан 121 нафари қиз бола, 95 нафари эса ўғил бола. Шу куни эгизаклар туғилиши ҳам кузатилиб, 1 та ҳолат қайд этилди.

Байрам куни 332 нафар тиббиёт ходими ўз касбига содиқ қолиб, фидойилик билан навбатчиликда хизмат қилди. Уларнинг машаққатли меҳнати ва масъулияти алоҳида эътирофга лойиқ.

Янги йилда дунёга келган ҳар бир гўдакка соғлиқ, бахт ва порлоқ келажак тилаймиз.