Буйрак етишмовчилиги: сабаблари, белгилари ва аҳамияти

Бугунги кунда дунё бўйича миллионлаб инсонлар саломатлигига жиддий таҳдид солаётган касалликлардан бири — буйрак етишмовчилиги. Бу ҳолатда буйраклар ўзининг асосий вазифаларини — қонни филтрлаш, ортиқча сув ва зарарли моддаларни чиқариш, қон босимини тартибга солиш, баъзи муҳим гормонларни ишлаб чиқариш каби вазифаларни тўлиқ бажара олмай қўяди. Буйрак фаолияти издан чиқса, бутун организмда мувозанат бузилади — инсон ўзини хаста, заиф ва чанқоқ ҳис қилади, ҳатто ҳаёт учун хавфли асоратлар юзага келиши мумкин.

Касаллик қаердан келади?

Буйрак етишмовчилиги турли сабаблар орқали ривожланиши мумкин. Улар орасида:

  • сурункали ва ўткир инфекциялар,
  • заҳарланишлар,
  • юрак-қон томир касалликлари,
  • қандли диабет ва гипертония,
  • дори воситаларини назоратсиз ичиш,
  • турмуш тарзи ва нотўғри овқатланиш энг кўп учрайдиган сабаблар ҳисобланади.

Бизнинг кундалик ҳаётимизда оддийдек кўринадиган одатлар — суйиқлик кам истеъмол қилиш, кўп туз емоқ, ичимлик сувининг сифатига эътиборсизлик, ҳатто дардни “ўзинча” даволашга уринган ҳолатлар ҳам бу касалликка асос солиши мумкин.

Буйрак етишмовчилиги икки турда бўлади

1. Ўткир буйрак етишмовчилиги — күтилмаган хавф

Бу ҳолат тўсатдан бошланади. Жароҳат, қаттиқ инфекция ёки заҳарланиш оқибатида пайдо бўлиши мумкин. Энг яхши жиҳати — эрта ташхис ва тўғри даволаш билан организм тўлиқ тикланиши мумкин.

2. Сурункали буйрак етишмовчилиги — секин, лекин хавфли жараён

Бу ҳолат йиллар давомида, сезилмасдан ривожланади. Илк белгилари:

  • чарчоқ,
  • баттар кучайиб борадиган суяк-томоқ оғриғи,
  • қон босимининг ошиши,
  • шишлар,
  • тез-тез хафсаласи пир бўлиш каби аломатларда намоён бўлиши мумкин. Айнан шу босқичда кўп беморлар касалликка эътибор бермайди ва у кеч аниқланади.

Сурункали ҳолатда бемор доимий тирикчилик тарзидаги чекловлар, махсус парҳез, гемодиализ ёки оғир ҳолларда трансплантатсияга муҳтож бўлади.

Эрта ташхис — умрни сақлайди

Бугунги кунда замонавий лаборатор диагностика — креатинин, мочевина таҳлили, УЗИ текширувлари орқали касалликнинг дастлабки белгиларини жуда эрта аниқлаш мумкин. Мунтазам текширувлар — айниқса қандли диабет ва гипертонияси бор беморлар учун ҳаётан муҳим.

Илмий изланишлар ҳам шуни кўрсатмоқда:

  • Қандли диабет ва юрак-қон томир касалликларига чалинганларда буйрак муаммолари кўпроқ учрайди.
  • Дори воситаларини ўзбошимчалик билан ичиш, айниқса оғриқ қолдирувчиларни кўп истеъмол қилиш, буйрак тўқимасини зарарлайди.
  • Парҳезда туз ва оқсил меъёридан ошиб кетиши ҳам касаллик хавфини оширади.

Жаҳон ва Ўзбекистон тажрибаси

ЖССТ маълумотларига кўра, дунё бўйича буйрак касалликлари йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хорижий олимлар, жумладан Бреннер, Смитҳ ва Жонсонлар тадқиқотларида трансплантатсия ва гемодиализ технологияларини такомиллаштириш — беморларнинг ҳаёт сифатини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этганлар.

Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда бу борада катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда:

  • гемодиализ марказлари кўпайтирилмоқда,
  • асбоб-ускуналар янгиланмоқда,
  • трансплантатсия мақсадида замонавий операционлар ташкил этилмоқда,
  • аҳолини профилактик текширувдан ўтказиш самарали йўлга қўйилмоқда.

Бу ишлар касалликни эрта аниқлаш ва беморларнинг ҳаёт сифатини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

Нима қилиш керак? Олдини олиш мумкинми?

Албатта, мумкин. Мутахассислар қуйидагиларни тавсия қилади:

  • Кун давомида етарли миқдорда сув ичинг.
  • Туз истеъмолини камайтиринг.
  • Қандли диабет ва гипертонияни қатъий назорат қилинг.
  • Дориларни шифокор кўрсатмаси билан қабул қилинг.
  • Ҳар йили профилактик текширувдан ўтинг.
  • Соғлом турмуш тарзи — буйраклар учун энг яхши ҳимоя.

Хулоса

Буйрак етишмовчилиги — фақат тиббий эмас, балки ижтимоий аҳамиятга эга муаммо. Бу касаллик одамнинг ҳаёт сифатини кескин пасайтиради, аммо энг муҳими — унинг олдини олиш мумкин.

Эрта ташхис, соғлом овқатланиш, тўғри турмуш тарзи, дори воситаларини назорат билан қабул қилиш — бугун ҳар бир инсон қила оладиган энг оддий, лекин энг самарали чоралардир.

Хумора СОБИРОВА,
Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали мутахассиси.