Инсон умри — босиб ўтилган йўл, ортда қолган из ва одамлар хотирасида сақланиб қолган эзгу амаллар билан қадрли. Шундай инсонлар бўладики, уларнинг бутун ҳаёти бир соҳа, бир касб, бир масъулият билан чамбарчас боғланиб кетади. Тиббиётнинг мураккаб ва ўта масъулиятли йўналишларидан бири бўлган суд-тиббий экспертиза соҳасида узоқ йиллар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган Ҳасанбой Ҳайдаров ана шундай инсонлардан эди.
У киши 1977 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтининг даволаш иши факультетини имтиёзли тамомлаб, меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Бош суд-тиббий экспертиза бюросида интернатура ўташдан бошлади. 1978 йилдан эътиборан эса тақдири Фарғона вилояти суд-тиббий экспертиза хизмати билан боғланди.
Аввал суд-тиббий эксперт сифатида, кейинчалик эса қарийб қирқ йил давомида раҳбар сифатида фаолият юритиб, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Фарғона филиалининг шаклланиши ва ривожланишига улкан ҳисса қўшди. Унинг раҳбарлиги даврида филиалнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, соҳага замонавий ёндашувлар кириб келди, мутахассис кадрлар тайёрлаш тизими янги босқичга кўтарилди.
Ҳасанбой Раҳмонович нафақат тажрибали раҳбар, балки илмий изланишдан тўхтамаган олим ҳам эди. Тиббиёт фанлари номзоди, доцент, Турон фанлар академияси академиги сифатида у суд-тиббиёти соҳасидаги илмий мактаб ривожига муносиб ҳисса қўшди. У томонидан яратилган ўқув-услубий қўлланмалар ва ўнлаб илмий мақолалар бугун ҳам соҳанинг муҳим манбаларидан бири сифатида қадрланади.
У киши малака ошириш йўлида ҳам изчил изланди. Ленинград, Москва, Киев, Тошкент шаҳарларидаги нуфузли тиббиёт муассасаларида билим ва тажрибасини бойитди. 2009 йилда АҚШдаги криминалистика лабораториялари фаолияти билан танишиб қайтгани эса унинг соҳага замонавий нигоҳ билан қараганини кўрсатади.
Бироқ инсоннинг ҳақиқий қадри фақат унвон ва мукофотлар билан эмас, одамлар хотирасида қолган инсоний фазилатлари билан ўлчанади. Ҳасанбой Ҳайдаров меҳнатсеварлиги, камтарлиги, талабчанлиги ва айни пайтда самимий муомаласи билан ҳамкасблари ва шогирдлари қалбидан чуқур жой олган эди. У кўплаб ёш мутахассисларга устозлик қилди, уларнинг касбий шаклланишига йўл кўрсатди. Бугун у тарбиялаган шогирдлар республика ва вилоятнинг турли тиббиёт муассасаларида самарали фаолият юритмоқда.
Суд-тиббий экспертизаси фақат тиббиёт эмас, балки ҳақиқат ва адолат билан боғлиқ соҳадир. Ҳасанбой Раҳмонович ўз фаолияти давомида инсон тақдирига дахлдор ҳар бир хулосага катта масъулият билан ёндашди. Тиббий экспертиза жараёнларида аниқлик, холислик ва қонунийлик тамойилларига содиқ қолди. Жиноятларнинг олдини олиш, тиббий хатолар сабабларини таҳлил қилиш, аҳоли ўртасида ўлим ҳолатлари омилларини ўрганиш борасидаги меҳнати соҳа ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
У киши жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этар, маҳалла ҳаётида ўзининг одоб-ахлоқи, бағрикенглиги ва фидойилиги билан эл ҳурматига сазовор бўлган инсонлардан эди. Намунали оила соҳиби сифатида фарзандлар тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
“Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги медали каби эътирофлар унинг кўп йиллик самарали меҳнатига берилган муносиб баҳо эди.
Бугун устозни эслар эканмиз, унинг босиб ўтган ҳаёт йўли, соҳа ривожи учун қилган хизматлари ва инсон сифатидаги фазилатлари қалбларда илиқ хотира бўлиб яшайди. Чунки баъзи инсонлар кетса-да, уларнинг меҳнати, тарбияси ва номи вақт саҳифаларида қолади. Ҳасанбой Ҳайдаров ана шундай инсонлардан бири эди. Охиратингиз обод бўлсин!
—————————