Тиббиёт муассасалари, шифохоналар ҳақида, аҳоли саломатлигини асраш ҳақида гап кетса, кўз олдимизга ҳамширалар келиши табиий. Чунки беморлар билан кўпроқ муомала қиладиган ҳам, парваришлаб, меҳр ва эътибор кўрсатувчилар ҳам, врачларга айтилмаган фикрларни эшитувчилар ҳам улар-да. Шу боис бўлса керак, касб байрамлари ичида тиббиёт ходимлари кунидан ташқари Халқаро ҳамширалар куни кенг нишонланади.
Риштон тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Хурсаной Шарипова ушбу соҳада қирқ бир йилдан буён фаолият юритиб келади. Эҳ-ҳе, бу йиллар ичида не-не синовлардан ўтмади, не машаққатларни кўрмади дейсиз. Лекин ҳар бир бемор дилидан чиққан миннатдорчилик сўзлари, соғайиб кетгач кўзларида порлаган қувонч жилвалари унга куч бериб турди, ўз устида тинимсиз ишлашга, доим олға интилишга ундади.
– Инсон ўз касбини севса, бу соҳанинг икир-чикирлари ҳам, муаммо ва қийинчиликлари ҳам илҳом бахш этавераркан. Не бахтки, бугун юртимиз тиббиёти жадал ривожланяпти, замонавий жиҳозлар, аппаратуралар олиб келиняпти, шифокорларга қатор қулайлик ва имтиёзлар бериляпти. Буларга жавобан янада иштиёқ билан ишлашимиз керак, – дейди у. – Ўз ишимиз қолиб, эрта баҳордан кеч кузгача пахта далаларида ўтказган кунларимиз, 5-10 ходим ўрнига бир киши ишлаган пайтларимиз, бўлар-бўлмас буйруқларни бажаришга мажбур бўлганларимиз энди тарихга айланди. Бунинг учун Президентимизга, ҳукуматимизга раҳматлар айтамиз.
Қўқон тиббиёт билим юртини тамомлаб, ишга келган кунларини эсларкан, бир дам оғир ўй, жиддийлик қамраб олади опа юзларини. 1985 йил эди ўшанда. Пахта яккаҳокимлиги авжига чиққан, маъмурий буйруқбозлик одатий ҳол эди. Туман шифохонасидаги шарт-шароит ҳам ҳаминқадар. Йигирма беш ёшида юрт истиқлолини юраги ҳаприқиб қарши олди, ўз олдига аниқ мақсад қўйди: “Шу эл, шу юрт учун боримни бераман!” Унинг бу қатъий қарори кейинги фаолиятида ўз самарасини берди. Ўз устида тинмай изланди, китоблар мутолаасига шўнғиди, тиббий адабиётларни ўқиди, устозлардан ўрганди. Ҳар бир янгиликни, соҳага татбиқ қилинаётган инновацияларни қунт билан ўзлаштирди.

– Бугунгидек шароитларни орзу қилганмиз. Рақамлаштириш, тиббий хизматнинг аҳолига яқинлашиши, скрининг текширувларининг мунтазам ўтказилаётгани, оилавий поликлиникалар, замонавий диагностиканинг оммалашгани, дори-дармонларнинг етарли эканлиги, тиббий маданиятнинг юксалиб бораётгани, болалар ўлимининг камайганлигини, соғлом турмушга эътибор қаратилаётгани каби жиҳатларни кўриб қувониб кетаман. Ойлик маошимизга 50-100 фоизгача устама берилаётганини айтмайсизми. Эндиликда беш кунлик иш тартибига ўтилаётгани ҳам тиббиёт ходимларининг мазмунли ҳордиқ чиқариши, иш сифати ортишига замин яратяпти, – дея тўлқинланиб сўзлайди опа.
Хурсаной опа билан суҳбатлашар эканмиз, хонага кириб-чиқаётган ҳамширалар унга нисбатан “Она” дея мурожаат қилишларига гувоҳ бўлдим. Сабабини сўрасам, “Ҳамшираларни қизимдек кўраман, муносабатларимиз ҳам она-боладек, бир оила бўлиб кетганмиз, шунга бўлса керак”, дея жавоб берди. Опанинг узоқ йиллик камтарона хизматлари “Соғлиқни сақлаш аълочиси” ҳамда бир неча кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Ҳамширалик билан бирга, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам фаол, ЎзЛиДеП туман кенгашига икки бор депутат сифатида сайланган. Турмуш ўртоғи билан икки қиз, бир ўғилни тарбиялаб вояга етказишди, саккиз нафар набиранинг бобо-бувиси бўлишди. Қизи – Зарнигорхон онаси изидан борди, у тумандаги 44-оилавий поликлиникада ҳамшира бўлиб ишлайди.
– Икки йил аввал вилоятимизга ташрифи чоғида Президентимиз билан учрашиб, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим, бу менга бир умр куч-қувват бағишлайди. Юртимиз тинч, фарзандлар, набиралар соғлом, бахтли оила бекасиман. Бундан ортиқ бахт борми?! – дейди Хурсаной Шарипова.
Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.