Фарғонада икки чақалоққа мураккаб нейрохирургик операция муваффақиятли ўтказилди

Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болалар нейрохирургияси соҳасида юқори технологик ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширилди. Бир кунда икки нафар чақалоқка ўтказилган операциялар юқори малака, замонавий ускуналар ва жамоавий ҳамкорлик самараси сифатида баҳоланмоқда.

Беморлардан бири — Фурқат туманидан келган 1 ёшли Муслимахон Валиева бўлиб, у марказий нерв тизими туғма нуқсони — Спина бифидаси, яъни бел думғаза соҳаси менингомиелорадикулоселлеси ташхиси билан тиббиёт марказига ётқизилган эди.

Мутахассислар томонидан интероперацион нейромониторинг назорати остида мураккаб операция — бел думғаза соҳаси герниотомияси, орқа мия ва терминал ип дефиксацияси ҳамда чурра дарвозаси пластикаси амалга оширилди. Бундай операциялар юқори аниқлик ва нейрохирургик тажрибани талаб қилади.

Иккинчи бемор — 2,5 ойлик Солиха Ахмаджонова. Унда “Краниосиностоз” — бола туғма ҳолда бу суяк чоклари эрта ёпилиб, бош мия ўсишига халақит беради. Бу ҳолат эстетик ва функционал муаммоларга олиб келади. Шу боис, бола тез фурсатда жарроҳлик аралашувини талаб қилади.
Шу муносабат билан чақалоққа эндоскопик усулда бош суякларини тешиб очиш (краниотомия) орқали сагиттал ва чап коронар чоклар бўйлаб зарарланган суяк қисми олиб ташланди.

Икки операция ҳам Республика болалар миллий тиббиёт маркази нейрохирургия бўлими мудири, тажрибали мутахассис Олим Акрамов раҳбарлигида ва маҳаллий шифокорлар — Абдумани Абдуолимов ҳамда Шерзод Хайдаров иштирокида амалга оширилди. Операциядан кейинги кузатувларда болаларнинг аҳволи барқарор экани қайд этилмоқда.

Бу каби муваффақиятли жарроҳлик амалиётлари юртимизда тиббий хизматнинг замонавий босқичга кўтарилаётганидан, маҳаллий мутахассисларнинг малакаси ва амалиёт тажрибаси изчил ривожланаётганидан далолат беради.