Менингококк инфекцияси куз–баҳорда нега кўпаяди?

Фото: donvesti.ru

Менингококк инфекцияси инсон саломатлиги учун хавфли юқумли касалликлардан бири ҳисобланади. Унинг қўзғатувчиси — Neisseria meningitidis бактерияси бўлиб, у инсон организмига тушганда оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Тиббиётда бу ҳолатлар умумий ҳолда Meningococcal disease деб аталади.

Касаллик қўзғатувчиси Ер юзида жуда кенг тарқалган бўлиб, деярли барча минтақаларда учрайди. Ушбу инфекция билан фақат инсонлар касалланади. Кўп ҳолларда эса соғлом бактерия ташувчилар инфекция тарқалишида асосий манба бўлиб хизмат қилади.

Мазкур инфекция асосан ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Йўталиш, аксириш ёки бемор билан яқин мулоқотда бўлиш орқали бактерия бошқа инсонга осон ўтиши мумкин. Шу сабабли жамоавий жойларда — мактаб, боғча, ётоқхона ва иш жойларида касаллик тарқалиш хавфи юқорироқ бўлади.

Тиббий кузатувларга кўра, менингококк инфекцияси айниқса куз, қиш ва эрта баҳор ойларида кўпроқ учрайди. Бунинг бир нечта сабаблари бор. Аввало, совуқ мавсумда одамлар кўпроқ ёпиқ хоналарда бўлади, бу эса инфекциянинг ҳаво-томчи йўли билан тез тарқалишига шароит яратади. Шунингдек, ҳаво совиши ва об-ҳавонинг тез ўзгариши организм иммунитетининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, куз-қиш мавсумида шамоллаш ва вирусли касалликлар кўпайиши нафас йўллари шиллиқ қаватини заифлаштиради. Натижада бактерия организмга осонроқ кириб бориши мумкин. Шу билан бирга, бактериялар ташқи муҳитга чидамсиз бўлиб, юқори намлик ва илиқроқ ҳароратда бироз узоқроқ сақланиши мумкин. Шу боис қиш охири ва эрта баҳор даврида ҳам менингокок инфекцияси учраб туриши мумкин.

Касаллик барча ёшдаги инсонларда учраши мумкин. Бироқ касалликнинг оғир кечиш хавфи эрта ёшдаги болаларда, ўсмирларда, ҳарбий хизматга чақирилувчиларда, ётоқхона ва кампусларда истиқомат қилувчи шахсларда, турли иммунодефицит ҳолатлари бўлган кишиларда, шунингдек кохлеар имплантация қилинган ёки очиқ бош мия жароҳати ўтказган шахсларда юқорироқ бўлади.

Фото: rospotrebnadzor95.ru

Касаллик одатда юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилиш, бўйин мушакларининг қотиши каби белгилари билан намоён бўлади. Айрим ҳолларда касалликнинг биринчи кунидаёқ юқори тана ҳарорати билан бирга терида майда қон қуйилишларга ўхшаш доғлар пайдо бўлиши мумкин. Бундай белгилар кузатилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш жуда муҳим.

Менингококк инфекциясининг олдини олишда шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, хоналарни мунтазам шамоллатиб туриш, совуқ қотиш ҳамда руҳий ва жисмоний зўриқиш ҳолатларидан сақланиш, жамоавий жойларда эҳтиёткор бўлиш, шунингдек зарур ҳолларда вакцинациядан ўтиш муҳим аҳамиятга эга. Бемор билан мулоқотда бўлган шахсларга эса антибактериал препаратлар билан химиопрофилактика ўтказилади.

Ҳар қандай юқумли касалликда бўлгани каби, менингококк инфекциясида ҳам эрта ташхис қўйиш ва ўз вақтида даволаниш инсон ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Юлдашева Гулдаста,
Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали врач инфекционисти.

——————————