Инсон қалбига нур улашган шифокор

1952 йил 23 феврал куни қадимий Марғилон шаҳрида Ахмаджон ака ва Шаҳзодахон аялар хонадонида узоқ кутилган ўғил фарзанд дунёга келди. Ота-онаси буни Яратганнинг инъоми деб билиб, унга Иномжон деб исм қўйдилар. Меҳнатсеварлик, қатъият, инсонийлик ва яхшилик қилиш каби фазилатлар унинг тарбиясида бош мезон бўлди.

Мактаб йилларидаёқ аниқ фанларга қизиқиши, тартиб-интизомга мойиллиги билан ажралиб турган Иномжон атроф-муҳит таъсирида мустаҳкам ирода ва аниқ мақсад соҳиби сифатида шаклланди. Отаси фарзандларининг олий маълумотли бўлишини орзу қилди, айниқса тиббиёт соҳасига меҳр уйғотди. Натижада оиладан 4 нафар шифокор ва 1 нафар ҳамшира етишиб чиқди.

Шифокорлик – юрак амри

Иномжоннинг ҳаёт йўли Андижон давлат тиббиёт институтидан бошланди. Талабалик йилларида у билимга чанқоқлик, инсон ҳаётига эҳтиром ва касбга садоқат намунасини кўрсатди. Тиббиёт йўналишлари орасида унинг қалби хирургияни танлади. Чунки жарроҳлик – фақат касб эмас, балки масъулият, жасорат ва юксак инсонийлик талаб қиладиган йўл эди.

Устозларининг “Шифокорнинг тили – тасалли, кўзи – ишонч, қўли – даво” деган ўгитлари унинг бутун фаолиятига дастур бўлди. Илк операциясидаги ҳаяжон, устозининг “Сен бунга тайёрсан” деган ишончли сўзлари унинг касбий шаклланишида унутилмас сабоқ бўлиб қолди.

Марғилонда хирург сифатида фаолият бошлаб, юзлаб беморларга ҳаёт бахш этди. У мураккаб жарроҳлик амалиётлари, хусусан ўпка гипоплазиясини жарроҳлик усулида даволаш бўйича янги ёндашув ишлаб чиқди. Бу усул кўплаб беморлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилди. Илмий изланишлари натижасида 1991 йилда “Ўпка гипоплазмаларини жарроҳлик усули билан даволаш” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Таълим ва раҳбарлик фаолияти

1987 йилда Марғилон тиббиёт билим юртига директор этиб тайинланди. У таълим сифати, амалиётни кучайтириш, илмий муҳитни шакллантириш ва ёш кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратди. Кейинчалик Фарғона тиббиёт коллежига раҳбарлик қилди, Фарғона водийсидаги тиббиёт таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиришда етакчи бўлди.

2000 йилда Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази Фарғона филиали директори этиб тайинланди. Унинг ташаббуси билан замонавий ўқув-лаборатория базаси яратилди, малака ошириш тизими такомиллаштирилди.

Халқаро тажриба алмашишга алоҳида аҳамият бериб, Япония, Австралия, Индонезия давлатларида малака оширди. Айниқса Японияда ўрганган “кайзен” – доимий такомиллашув тамойилини таълим жараёнига жорий қилди.

Жамоатчилик ва давлат эътирофи

Иномжон Ахмедович бир неча бор шаҳар кенгашлари депутати этиб сайланиб, тиббиёт ва таълим соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. 2002 йилда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олди.

Унинг меҳнати давлат томонидан муносиб баҳоланди:

  • 1986 йил – “Ҳурмат белгиси” ордени
  • 1991 йил – “Отличник здравоохранения”
  • 1992 ва 2016 йиллар – “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги” кўкрак нишони
  • 2002 йил – “Ўрта махсус касб-ҳунар таълими аълочиси”
  • 2015 йил – “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси”

Оила – таянч ва илҳом манбаи

Унинг ҳаётида оила алоҳида ўрин тутади. Турмуш ўртоғи Гулчеҳрахон опа 45 йил устозлик қилган. Бугун Иномжон Ахмедович 4 фарзанд, 12 набира ва 10 чеваранинг меҳрибон отаси ва бобосидир. Фарзандлари турли соҳаларда фаолият юритиб, ота меросини давом эттирмоқдалар.

74 ёш – шарафли йўл сарҳисоби

74 ёш – бу фақат сана эмас, балки фидойилик, садоқат ва ибрат рамзи. Иномжон Ахмедович Тўхтасинов ўз умрини инсон саломатлиги ва таълим ривожига бағишлаган, минглаб шогирдлар ва беморлар қалбида из қолдирган зиёли инсондир.

Унинг ҳаёти – меҳнат, масъулият ва инсонпарварлик мактаби. Бугун ҳам у ғояларга бой, илмий ва амалий фаолияти билан юртимиз тиббиёт ва таълим соҳаси равнақига хизмат қилишда давом этмоқда.

Ф. Марипжонова,
О.Юлдашев,
Республика ўрта тиббиёт ва фармацевт ходимлари
малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази
Фарғона филиали ходимлари.

——————————————————————————-