Дори эмас, табиат даво: физиотерапия сирлари

Физиотерапия — бу клиник тиббиётнинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, табиий (қуёш нури, ҳаво, сув, шифобахш балчиқ) ва сунъий физик омиллар (электр токи, магнит майдони, сунъий ёруғлик манбалари, ултратовуш ва бошқалар) таъсирини ўрганади ҳамда уларни касалликларни даволаш ва олдини олиш мақсадида қўллаш усулларини ишлаб чиқади.

Физиотерапия усуллари инсониятга қадимдан маълум бўлиб, бугунги кунда замонавий тиббиёт билан бир қаторда тез суръатлар билан ривожланмоқда. Табиий ва физик омиллар инсон организмига енгил, аммо самарали таъсир кўрсатиб, организмнинг ички захира кучларини фаоллаштиради.

Физиотерапия турлари ва уларнинг таъсир механизми

Физиотерапевтик муолажалар умумий ва махсус турларга бўлинади.
Умумий муолажалар — организмга касаллик вақтида ҳам, соғлом пайтда ҳам тавсия этилади.
Махсус физиотерапия эса касалликни даволаш мақсадида қўлланилади. Шу билан бирга, физиопрофилактика — яъни касалликларнинг олдини олиш учун фойдаланиладиган муолажалар ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Физик омиллар организмга тери ва шиллик қавати орқали таъсир қилади. Бу таъсир нерв толалари орқали марказий асаб тизимига етиб боради ва шу йўл билан бошқа аъзоларнинг фаолиятини рағбатлантиради. Натижада қон айланиши яхшиланади, яллиғланиш жараёнлари бартараф этилади, зарарланган тўқималар тезроқ тикланади.

Электротерапия — оғриқсиз ва хавфсиз муолажа тури

Электр билан даволаш усули тиббиётда электротерапия деб аталади. У оғриқни камайтиради, тинчлантирувчи таъсир кўрсатади ва беморнинг умумий ҳолатини яхшилайди.

Паст кучланишли ток электродлар орқали тананинг маълум қисмига юборилганда ҳужайраларда физик-кимёвий жараёнлар фаоллашади, қон айланиши ва уйқу яхшиланади, яллиғланиш жараёнлари камаяди. Шу билан бирга, зарарланган тўқималарнинг тикланиш жараёни тезлашади.

Муолажалар, одатда, овқатлангандан 1–1,5 соат ўтгач бажарилади. Фойдаланиладиган ток кучи жуда паст бўлиб, инсон соғлигига зарар етказмайди.

Электр билан даволаш усуллари

Ҳозирги кунда тиббиётда турли электр токлари ёрдамида даволаш усуллари кенг қўлланилмоқда:

  • Гальванизация — паст кучланишли ўзгармас ток таъсири орқали муолажа қилиш. Бу усул асаб тизимини соғломлаштиради, юрак фаолиятини кучайтиради, ҳимоя кучларини оширади. Аммо яллиғланиш, қон касалликлари ва ҳомиладорлик ҳолатларида қўлланмайди.
  • Электрофорез — доривор моддаларни гальваник ток ёрдамида организмга киритиш усули. Бу дориларнинг тўқималарга тезроқ сингишини таъминлайди, оғриқни камайтиради, яллиғланишни бартараф этади.
  • Дарсонвализация — юқори кучланишли, кичик кучли ва юқори частотали импульс токлар орқали терига таъсир кўрсатиш усули. Бу усул қон айланишини тезлаштиради, теридаги моддалар алмашинувини фаоллаштиради, ҳуснбузарлар ва майда яраларни бартараф этади.
  • Дарсонвализация муолажаси вақтда бемор енгил иссиқлик ёки игна санчилиш ҳиссини сезиши мумкин. Бу табиий физиологик реакция бўлиб, организмдаги моддалар алмашинувининг фаоллашганини билдиради.

Комплекс даволаш ва унинг самараси

Физиотерапевтик муолажаларни дори-дармонлар ва жисмоний машқлар билан биргаликда олиб бориш тавсия этилади. Бу ҳолда даво таъсири бир неча марта ошади. Бир кунда бериладиган физиомуолажалар сони иккитадан ошмаслиги керак.

Физик таъсирнинг интенсивлиги ва давомийлигига қараб организмда маҳаллий, умумий ёки сегментар физиологик ўзгаришлар юз беради. Масалан, қон томирлари кенгаяди, қон айланиши кучаяди, юрак уриши тезлашади, баъзи беморларда қизиш ҳисси пайдо бўлади — буларнинг барчаси организмнинг табиий жавоб реакциясидир.

Табиий физиотерапевтик омиллар

Замонавий тиббиётда табиатнинг шифобахш кучларидан фойдаланишга катта аҳамият берилмоқда. Шу жумладан:

  • иқлим билан даволаш (климатотерапия),
  • қуёш нури ёрдамида даволаш (гелиотерапия),
  • ҳаво билан даволаш (аэротерапия),
  • сув билан даволаш (гидротерапия),
  • шифобахш лой билан даволаш (псаммотерапия),
  • тузли ғорлар, минерал сувлар, денгиз ҳавоси ва бошқалар.

Бу усуллар иммун тизимни мустаҳкамлайди, моддалар алмашинувини яхшилайди, стресс ва чарчоқни камайтиради.

Физиотерапия — тери касалликларида ҳам самарали

Физиотерапия дерматовенерология соҳасида ҳам катта аҳамиятга эга. Айниқса, сурункали тери касалликлари — витилиго, псориаз, атопик дерматит, сурункали экзема ва бошқаларни даволашда физик муолажалар катта самара беради. Улар яллиғланишни пасайтиради, терининг тикланиш жараёнини тезлаштиради ва беморнинг умумий ҳолатини яхшилайди.

Хулоса

Физиотерапия — бу табиат ва фан уйғунлиги.
Инсон организмининг табиий захира кучларини фаоллаштириш, соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш ва касалликларни олдини олишда унинг ўрни беқиёс.

Табиатнинг шифобахш қуввати ва замонавий тиббий усуллар уйғунлиги инсон учун энг табиий, энг хавфсиз ва самарали шифо манбаидир.

Нурали БОЙМУРЗАЕВ,
Республика ихтисослаштирилган дерматология, венерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди.

Аброр АХРОРОВ,
Республика ихтисослаштирилган дерматология, венерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали диспансер бўлим мудири.