Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 декабрдаги топшириқлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 26 мартдаги 400-сонли буйруғи ижроси доирасида Фарғона вилоятида навбатдаги амалий тадбирлар ўтказилди.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари — торакал жарроҳлик бўлими мудири Абдуғаффор Расулов ва онкоурология бўлими мудири Шерали Хасанов иштирокида қатор амалий ишлар бажарилди.
Ташриф доирасида марказнинг Фарғона филиалида ўта мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Пойтахтлик ва маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида ўнг томонлама нефректомия ва пастки ковак венадан тромбоэктомия амалга оширилди.
Мазкур операция юқори маҳорат талаб қиладиган бўлиб, буйрак ўсмаси билан боғлиқ асоратларни бартараф этишга қаратилган. Шунингдек, ушбу жараён ҳудудий жарроҳлар учун амалий тажриба мактаби вазифасини ўтади.
Тадбир доирасида Қўштепа тумани ва вилоят филиалида аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. Ўсма ва ўсма олди касалликлари аниқланган беморларга замонавий даволаш тактикалари белгилаб берилди. Шу орқали беморлар ўз ҳудудида юқори малакали тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, вилоятдаги қишлоқ оилавий поликлиникалари, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари мутахассислари иштирокида семинар ташкил этилди. Унда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва скрининг ишларини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.