Кўз нури – ҳаёт нури

Кўпинча биз кўзимизнинг қадрига уни йўқота бошлаганимиздагина етамиз. Ёш ўтиши, кундалик беэътиборлик, шифокор тавсияларига амал қилмаслик эса кўриш қобилиятининг пасайишига олиб келади. Аммо шундай паллаларда инсонга умид бағишлайдиган, кўз нурини қайта ёндиришга астойдил ҳаракат қилаётган шифокорлар бор.
Шундай масканлардан бири — Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалидир.

2025 йилнинг ўзида марказда 5 213 нафар бемор даволаниб чиққан. Улардан 3 376 нафари турли мураккабликдаги жарроҳлик амалиётларидан муваффақиятли ўтган.

Бу ерда беморлар:
— консерватив даволаш усуллари,
— юқори технологияли замонавий амалиётлар,
— катарактада факоэмульсификация,
— лазер жарроҳлик хизматлари орқали саломатлигини тиклаб, ҳаётга бошқача нигоҳ билан қайтаётир.

Шифохонада келгуси йилларга мўлжалланган бир қатор амалий ва хайрли ишлар режалаштирилган. Хусусан, 2025 йилда шифохона Япониянинг махсус грантини қўлга киритди, бу эса марказнинг халқаро ҳамкорлик салоҳиятини янада мустаҳкамлайди ва маҳаллий аҳоли ҳамда хориждан келаётган беморлар учун сифатли, замонавий тиббий хизматларини кенгайтириш имконини беради.