Фарғонада кардиоскрининг масалалари муҳокамада

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида “Юрак-қон томир касалликларини олдини олиш ва аҳолини скринингдан ўтказиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ўринбосари Рамзжон Ўтабоев, филиал директори ва 19 та туман-шаҳар куратор кардиологлари ҳамда кардиоскрининг учун масъул мутахассислар иштирок этди.

Семинарда ҳисоботлардаги номутаносиблик ва маълумотларнинг сифатли топширилмаслиги, ЭхоКГ ва бошқа ускуналардан самарали фойдаланиш учун мутахассисларнинг малакасини ошириш каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Семинар давомида сўз Академик Ё.Х. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали директори Озодбек Мавлоновга берилди. У ўз чиқишида эндокринология хизмати бўйича президент қарори ижросини таъминлашда айрим масъул шахслар томонидан эътиборсизлик ва сусткашлик ҳолатларига йўл қўйилаётганини таъкидлади.

Барча иштирокчилар топшириқлар ва таклифлар бўйича фикр алмашди, саволларга мутахассислар жавоб берди.

—————————–