Ҳам шифокор, ҳам шоир

Ҳакимжон Эргашевни кўпчилик тажрибали ортопед деб билса, яна бир гуруҳ инсонлар яхшигина шоир, ижодкор сифатида тилга олишади.

Ҳакимжон Эргашев ўрта мактабда ўқиб юрган чоғларида келажакда шифокор бўлишни мақсад қилганди. Шундай бўлди ҳам. У Андижон давлат тиббиёт институтини муваффақиятли тугатди. Эгнида оқ либос билан халқ хизматига йўл олди. Тез тиббий ёрдам, қишлоқ врачлик пункти, вилоят шифохонасида фаолият юритди. У қаерда ишламасин, ўз касбига садоқат билан ёндашиб, беморларнинг шикоятини жон қулоғи билан тинглар, уларга даво чораларини қўллаш учун тинимсиз изланарди.

Шифокорнинг кеча-ю кундуз ишлаган кунлари кўп бўлган. Бироқ бир муддат бўш вақт топганда болаликдаги иштиёқи билан шеър, ҳикоя ва мақолаларни қоғозга тушириб қўяр, яна бир имкон топганда қайта таҳрир қилиб, бадиий ижод маҳсулига айлантирарди.

Ҳакимжоннинг дадаси Холматжон Эргашев ўқитувчи бўлгани боис, уларнинг хонадонида мўъжазгина кутубхона бор эди. Китоб мутолааси билимга чанқоқ ўсмирнинг севимли машғулоти бўлган. Отаси фарзанд ларининг яхши ўқиши, танлаган соҳаларини мукаммал эгаллашида ҳамиша тиргак бўлган, уларни қўллаб-қувватлаб турган. Инсоний фазилатларни, ўгит-насиҳатларини қулоқларига сингдирган.

Ҳакимжон Эргашев ҳозирда вилоят болалар кўп тармоқли шифохонасида ортопед врач сифатида фаолият юритмоқда. Ундан даво топган бемор болаларнинг ота-оналари билдира ётган миннатдорчилик сўзларининг чек-чегараси йўқ. У болажонларни худди ўз фарзандидай ардоқлайди, дардларига малҳам излайди. Бунда устозларидан олган сабоқлари, тажрибаси қўл келади.

Шифокор Ҳиндистон, Америка Қўшма Штатлари, Германия, Корея Республикаси сингари қатор мамла катларда малака ошириб қайтган, ўрганганларини ўз соҳасига татбиқ этиб, муваффақиятларга эришиб келмоқда. У мудирлик қилаётган ортопедия ва травма асоратлари ҳамда пластик жарроҳлик бўлимида туғма сон чиқиғи, туғма маймоқлик, туғма бўйин қийшиқлиги, куйишдан кейинги мураккаб чандиқли ҳаракат бузилишлари, травмадан кейинги асоратлар даволанади.

Бугунга қадар германиялик шифокорлар билан ҳамкорликда 120 дан зиёд мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Доктор бир неча бор Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” унвонига сазовор бўлган. Ҳакимжон Эргашевнинг дўстлик, Ватан, ота-онага ҳурмат, умуман олганда, инсонийлик фазилатлар ни мадҳ этиб ёзган шеърларини китобхонлар, касбдошлари, яқинлари севиб ўқишади. У қайси даврага кирмасин, олдинига саломатликлари борасида савол беришса, ке- йин ўз шеърларидан ўқиб беришини сўрашади. Шифокор ижодкор ҳамсуҳбатларининг раъйини қай тармай, янги битикларини ёд этади.

Тириклик фасли

Ҳаракат замири тириклик демак,
Инсон ҳаётида ҳур маъно керак.
Ҳаёт чархпалаги тўхтамас, эй дўст,
Яшашга ҳақлимиз гар халқим десак.

Одамлар одамсиз яшолмас асли,
Одам ато Момодан барчанинг насли.
Демак, бегонаси йўқ-да халқимнинг,
Бугун диёримда тириклик фасли.

Тириклик шунчаки мавжудлик эмас,
Умрнинг ҳар куни биз учун бир дарс.
Бефойда, бемаъно ўтган ҳар бир вақт,
Оллоҳнинг олдида инсон учун қарз.

Инсонга инсоннинг меҳнати безак,
Яшашга ҳақлимиз гар халқим десак.

Маҳиёра БОЙБОБОЕВА.