Фарғона тумани Чимён қишлоғидаги “Баҳор” маҳалласи спорт майдонида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган тадбир ёрқин байрам руҳида ўтди.
Туман 2-сон спорт мактаби ҳудудида ташкил этилган “Саломатлик учун 5 минг қадам” юриш марафони ёшлар учун нафақат мусобақа, балки ҳақиқий спорт саҳнасига айланди.
Ўнлаб ёшлар соғлом ҳаёт учун бирлашган қадамларини ташлашар экан, уларга ёши улуғ инсонлар ҳам қўшилди. Бу эса, соғлом турмуш тарзи ҳамма ёшда ҳам долзарб эканини яққол намоён этди.
Юриш марафонидан ташқари тадбир қатнашчилари қувноқ волейбол ва футбол баҳсларида беллашдилар, қизиқарли викториналарда билим ва зийракликларини синадилар. Ҳар бир иштирокчи учун бу куни — соғлом ҳаёт байрамига айланди.
— “Ҳар куни эрталаб спорт билан шуғулланиш керак. Саломатликнинг калити — ҳаракатда. Ширинликларни меъёрда еб, сабзавот ва меваларни кўпайтиришимиз зарур. Масалан, сабзи ва олма соғлиқ учун жуда фойдали,” — дейди ёш иштирокчи Беҳрузбек Адҳамжонов.

— “Инсон ҳаётга бир марта келади. Шунинг учун уни муносиб, соғлом ўтказиш керак. Биз хонадонида сутли маҳсулотлар кўп еямиз, шу боис шифокорларга мурожаат қилишга ҳожат қолмайди,” — деб қўшади маҳаллий аҳоли вакили Махарамой Мамажонова.
— “Кечки овқатдан кейин сайр қилиш организм учун фойда. Юрак-қон томир тизими мустаҳкамланади, иммунитет ошади. Пиёда юриш — энг арзон ва самарали даво,” — дея фикр билдирди тадбир иштирокчиси Мақсуда Усмонова.

Бу ташаббус нафақат саломатликка хизмат қилди, балки маҳаллий аҳолини бирлаштирди, спорт ва соғлом ҳаётга қизиқишни кучайтирди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант лойиҳаси доирасида амалга оширилди.