Илк фарғоналик USMLE сертификат соҳиби

Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида хурсандчилик — 5-босқич талабаси Нурмуҳаммад Қурбонов АҚШнинг нуфузли USMLE (United States Medical Licensing Examination) дастури доирасидаги STEP 1 имтиҳонини муваффақиятли топширди. Бу — Фарғона тиббиёти тарихида илк марта қайд этилган ютуқдир.

«Институтга кирган йили мазкур дастур мени қизиқтира бошлади. АҚШда шифокор бўлиш, замонавий тиббиётни яқиндан ўрганиш ниятим пайдо бўлди. Бу йўл осон кечмади: кўплаб қийинчиликлар, чарчоқ ва ҳатто депрессияни ҳам бошдан кечирдим. Лекин мақсадим сари тўхтамай қадам ташладим», дейди Нурмуҳаммад.

STEP 1 имтиҳони Туркия ва Бирлашган Араб Амирлиги каби давлатларда ўтказилади. Нурмуҳаммад БААнинг Дубай шаҳрида топширган.

«Имтиҳон жавобини икки ҳафта кутдим. Ҳаяжон ва қўрқув катта эди. Лекин меҳнатим зое кетмади. Натижада халқаро сертификатни қўлга киритдим», дейди у.

Унинг айтишича, тайёргарлик жараёнида дўстлар даврасида бўлишга, турли тадбирларда қатнашишга имкони йўқ эди. Баъзилар мендан ранжишган ҳам. «Бироқ ота-онамнинг дуоси, устозларимнинг маслаҳати мени руҳлантирди», дейди Нурмуҳаммад.

photo_2025-09-16_06-39-11 (2)
photo_2025-09-16_06-39-10
photo_2025-09-16_06-39-11
photo_2025-09-16_06-39-10 (3)
photo_2025-09-16_06-39-10 (2)

Ёш талабанинг йўлида кўплаб устозлар сабоқ берди: Саидазиз Саидалиев, Денис Бергалиевич, Баҳромжон Раҳмонович ва Диёрбек домлалар. Улардан олган билим ва тажриба Нурмуҳаммаднинг бугунги муваффақиятида муҳим ўрин тутган.

«STEP 1 босқичидан ўтдим, олдинда яна иккита босқич — STEP 2 ва STEP 3 турибди. Ҳозир STEP 2 га тайёргарлик кўряпман. Агар барчасини муваффақиятли топширсам, илк фарғоналик сифатида АҚШда шифокор бўлиш имкониятига эга бўламан. Бироқ асосий ниятим — замонавий тиббиётни Ўзбекистонга олиб келиш ва бу ерда амалиётга татбиқ қилиш», — дейди ёш шифокор.

Нурмуҳаммад Қурбоновнинг бу ютуғи нафақат шахсий ғалаба, балки Фарғона вилояти тиббиётининг халқаро майдонга қадам қўйишидаги муҳим қадам бўлди. Унинг орзу ва интилишлари ёш авлод учун ҳам катта намуна бўлиб хизмат қилади.