Бир она, бир ҳаёт, бир қаҳрамон

 Фахрий шифокор Умарали Эралиев. (Ўнгдан биринчи)

Одатий шифокорлик куни. Қўштепа тумани марказий шифохонасида навбатдаги чақалоқ дунёга келди. Янги туғилган чақалоқ ҳаётга эндигина кириб келган пайт эди. Аммо шифокорлар учун барча ҳолат ҳам кутилганидек бўлавермайди. Она оғир ҳолатга тушиб қолди — у кўп қон йўқотди. Шу пайтда барча шошилди. Ҳар дақиқа ҳал қилувчи эди. Аммо унинг қони ноёб гуруҳга мансуб бўлгани боис, ҳеч кимдан мос қон топилмади.

Барча маҳаллий захиралар кўрилди. Яқинлар, ҳамкасблар, донорлар орасида изланди. Аммо самарасиз. Вақт эса шиддат билан ўтиб борарди…

Умид сўнмади. Вилоят бўйича мутахассисларга, шифохоналарга мурожаат қилинди. Ана шундай мураккаб паллада, инсон тақдири синовга қўйилган пайтда бир исм тилга олинди — Фарғона туманида истиқомат қилувчи фахрий шифокор Умарали Эралиев.

Шошилинч алоқа ўрнатилди. Қон гуруҳи тўғри келишини эшитган Умарали ака иккиланмади. Ҳар бир дақиқа она ҳаёти учун ҳал қилувчи эканини била туриб, шахсий автомобилида Қўштепа сари йўлга чиқди.

Шифохонада барча уни кутарди. Вақт — фақат соат эмас, у ҳаётнинг ўзи эди. Умарали ака келди. Қони олинди. Таҳлиллар ижобий чиқди. Ана ўша неъмат — ҳаёт манбаи онанинг жисмига томирлар орқали оқди.

Ўша куни шифохонада икки инсон ҳаётда қолди: чақалоқ — бу ҳаётга янги қадам қўйди, ва унинг онаси — уни бағрига босиш бахтидан маҳрум бўлмади. Бу — тиббиётнинг синови эди. Ва синовдан одамгарчилик, касбга садоқат, мардлик ютиб чиқди.

Фахрий шифокор Умарали Эралиев учун бу воқеа катта гап эмасдек туюлиши мумкин. Лекин ҳаёт сақлаб қолиш учун олиб борилган ҳаракат — бу шунчаки ёрдам эмас. Бу — инсонпарварлик, ҳаётни қадрлаш, шифокорлик қасамини амалда бажариш, садоқат намунаси.

Биз бундай инсонларга тазим қиламиз. Улар ёнида титуллар, мақтовлар, лавозимлар муҳим эмас. Улар учун инсон ҳаёти қимматли. Уларнинг хизмати — кундалик ҳаётимиздаги энг буюк жасоратлардан бири.

Умарали Эралиев каби шифокорлар — фақат беморларни эмас, инсонликнинг ўзига умид бахшида этадиган қаҳрамонлардир.