Халқ билан мулоқот қилиш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва аҳоли сўровларини жойида ҳал этиш амалиёти бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳам бу борада эзгу анъанани изчил давом эттирмоқда.
Шу мақсадда, Қува тумани Турк-Ровот маҳалла фуқаролар йиғинида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди. Қабулни бошқарма бошлиғининг ўринбосари Рамзиддин Ўтабоев ўтказди. Унда туман поликлиникаси мудири, маҳалла фаоллари ва масъул соҳа вакиллари иштирок этди.
Сайёр қабул жараёнида 15 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди. Мурожаатлар, асосан, шифохонага йўлланма бериш, ордер тузиш, жарроҳлик амалиётини ўтказиш каби масалаларга оид бўлди.
Муҳими, ҳар бир фуқаронинг муаммосига бепарво қаралмади — ҳар бирига жойида тушунтиришлар берилди, тегишли ташкилотларга йўлланма ва амалий ёрдам кўрсатилди.
Гўзалхон Абдуллаева, қабулда қатнашган фуқаролардан бири, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
— Вилоят эндокринология шифохонасига даволаниш учун ёрдам сўраган эдим. Ордер орқали даволаниш тавсия этилди ва тегишли амалий ёрдам ҳам кўрсатилди. Уларга катта раҳмат!
Азаматжон Исроилов эса қуйидагиларни таъкидлади:
— Мурожаатим ногиронлик гуруҳини белгилатиш билан боғлиқ эди. Қабулда бу масалага жиддий ёндашишди. Масъуллар билан боғланиб, ҳужжат ишларини расмийлаштиришга ёрдам беришларини айтишди. Энди тез орада расмийлаштириш ишлари бошланади.
Бу каби учрашув ва қабуллар аҳоли дардини тинглаш, муаммоларни жойида ҳал этишда муҳим ўрин тутади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бундай сайёр қабуллар давомли равишда ўтказиб борилиши режалаштирилган.