D-MED дастури: Аҳоли қандай фикрда?

Фарғона вилоятида сўнгги йилларда тиббиёт тизимида рақамлаштириш бўйича улкан қадамлар қўйилди. Бу жараёнда алоҳида аҳамият касб этган D-MED электрон тиббий ахборот тизими орқали фуқаролар шифокори билан бевосита алоқа қила олиш, электрон тиббий карта юритиш, таҳлил натижаларини кўриш ва навбатга туриш имконига эга бўлишмоқда. Бу — фақат дастур эмас, балки тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилашга қаратилган янги ёндашувдир.

Ўзбекистон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 76-сонли оилавий поликлиникада ҳам ана шундай ижобий тажриба кузатиляпти. Кaттa ҳамшира Шоирахон Имомова раҳбарлигидаги патронаж гуруҳлари аҳоли билан яқин мулоқотда иш олиб бормоқда. Ҳамширалар Умидахон Саидахмедова ва Гулнора Ғаниеевалар ташаббуси натижасида кўплаб оилалар бу қулайликдан фойдаланиш имконига эга бўлмоқда.

—Аҳолимизнинг айрим қатламлари, айниқса, ёши улуғ инсонлар D-MED иловасини мобил телефонига ўрнатишда қийналишяпти. Биз эса нафақат тушунтираяпмиз, балки телефонига ўрнатиб ҳам беряпмиз, – дейди ҳамшира Гулнорахон Ғаниева. — Уларнинг дуоси, миннатдорчилик сўзлари барча меҳнатимизни узрли қилади.

Ҳамшира Гулнора Ғаниева.

Фуқаро аввал ўз участка шифокори билан боғланади. Кейин махсус мобил иловада рўйхатдан ўтиб, қабул вақтига навбат олади. Шифокор қабул вақтида фуқаронинг таҳлил жавобларини ҳам шу дастур орқали кўради. Ҳар қандай мурожаат ва текширув натижалари тизимда электрон тарзда сақланади. Энг муҳими, ҳеч қандай қоғозбозликсиз, шаффоф ва тезкор хизмат кўрсатилади.

— Бу дастур — бемор ва шифокор ўртасида ишончни мустаҳкамлайди. Биз аҳоли билан мулоқотда буни яққол ҳис қиляпмиз, — дейди ҳамшира Умидахон Саидахмедова. Энг муҳими — одамларда ўз соғлиғига нисбатан масъулият пайдо бўляпти.

Ҳамшира Умидахон Саидахмедова.

Электрон тизим фуқароларнинг ҳам мамнуният билан қабул қилишини қуйидаги фикр ҳам тасдиқлайди.

—Куни кеча шифокорим тавсиясига биноан таҳлил топширдим. Энди навбат кутиб ўтирмасдан натижани телефонимдан кўряпман. Бу катта қулайлик, — дейди Саодатхон Султонова. — Шифокорим билан ортиқча ҳаракатсиз маслаҳатлашдим. Бу замон талабига мос тизим экан. Раҳмат айтаман.

D-MED дастури шунчаки электрон тизим эмас. Бу — инсон саломатлигини қадрлаш, шифокор билан бемор ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, тезкор ва қулай хизматга йўл очувчи рақамли платформа. Унинг самараси нафақат технологияда, балки уни аҳолига етказаётган садоқатли ҳамширалар, шифокорлар меҳнатида акс этаяпти.