Уйдан чиқмасдан шифокор қабулига навбат олиш мумкин

Кеча поликлиникамизга келган беморлардан бири шифокор ҳузурига уйидан туриб навбат олган эди. У поликлиникага белгиланган вақтда келди ва қабул жараёни ортиқча кутишсиз ташкил этилди. Бу — рақамли тиббиёт тизими яратаётган энг оддий, аммо муҳим қулайликлардан бири.

Мен Фарғона шаҳри 9-оилавий поликлиникасининг 7-бригадаси оилавий шифокори сифатида қарийб 2 884 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатаман. Кунимиз одатда 30–40 нафар беморни қабул қилиш, уларни кўрикдан ўтказиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича тавсиялар бериш билан ўтади.

Сўнгги йилларда поликлиникамизда ДМЕД тизими тўлиқ жорий этилди. Бу ўзгаришларни ҳар куни амалиётда кўряпмиз. Илгари бемор поликлиникага келгач, амбулатор картасини топиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва қабул жараёнини ташкил этишга маълум вақт сарфланарди. Ҳозир эса бемор ҳақидаги маълумотлар электрон шаклда сақланади ва зарур маълумотларни тезкор кўриш имконияти мавжуд.

Менимча, ДМЕДнинг энг катта афзаллиги — аҳоли учун яратилган қулайликдир. Энди уйдан чиқмасдан туриб шифокор қабулига навбат олиш мумкин. Бу, айниқса, ёши катта инсонлар, болали оналар ва иш билан банд фуқаролар учун жуда муҳим имконият. Амбулатор картани қидиришга ҳожат қолмайди, қабул жараёни анча тез ташкил этилади. Бу шифокорнинг ҳам, беморнинг ҳам вақтини тежайди.

Мен кузатаётган яна бир ижобий ҳолат — аҳоли аста-секин рақамли хизматларга кўникиб бораётганидир. Кўпчилик электрон навбат тизимидан фойдаланиб, поликлиникада узоқ кутишнинг олдини олмоқда.

Бироқ ҳали ҳам айрим фуқаролар мобил илова орқали мустақил навбат олишни билмайди. Улар шифокорига қўнғироқ қилиб навбатга ёздириб қўйишни сўрайди ёки поликлиникага келиб электрон навбат олади. Аслида эса мобил иловадан фойдаланиш жуда оддий ва бир неча дақиқа вақт олади.

Албатта, беморларимни навбатга ёздириб қўяман. Чунки мен учун энг муҳими — уларнинг соғлиғи. Ҳар бир беморга имкон қадар енгиллик яратишга, уларни ортиқча овора қилмасликка ҳаракат қиламан. Шу билан бирга, уларни ДМЕД мобил иловасидан мустақил фойдаланишга ҳам ўргатиб борамиз.

Шифокор сифатида мен учун энг муҳими — беморга кўпроқ вақт ажратиш. Агар навбат олиш ва ҳужжатлар билан боғлиқ жараёнлар рақамли тизим орқали тез бажарилса, шифокор ҳам бемор билан сифатли мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади.

ДМЕД орқали шифокор қабулига навбат олишнинг 3 қадами

  1. ДМЕД мобил иловасини очинг.
  2. Поликлиника ва шифокорни танланг.
  3. Ўзингизга қулай сана ва вақтни белгилаб, навбатни тасдиқланг.

Бу бир неча дақиқа вақт олади ва поликлиникага келиб навбат кутиш заруратини камайтиради.

Мен барча фуқароларни ДМЕД платформаси ва унинг мобил иловасидан фаол фойдаланишга чақираман. Рақамли хизматлардан фойдаланиш — бу нафақат замонавий имконият, балки ўз вақти ва саломатлигини қадрлаш ҳамдир.

Нилуфар ЎРИНОВА,
Фарғона шаҳри 9-оилавий поликлиникаси
7-бригада оилавий шифокори.