Фарғонада гепатитга қарши кураш: таҳлиллар, скрининг ва профилактика

28 июль — Халқаро гепатитга қарши кураш куни муносабати билан Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасида давра суҳбати ва амалий тадбирлар ташкил этилди. Тадбирда вирусли гепатитларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш масалалари муҳокама қилинди. Мутахассислар келтирган рақамлар эса гепатитга қарши кураш нафақат профилактика, балки яширин кечаётган касалликларни аниқлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатди.

Вилоятда 2026 йилнинг биринчи ярмида вирусли гепатит В ва С ни аниқлаш мақсадида 53 100 нафар фуқаро экспресс тестдан ўтказилди. Натижада 1 613 нафарда гепатит В, 1 310 нафарда гепатит С вируси аниқланди. Демак, ярим йил ичида 2 923 нафар фуқарода вирусли гепатит қайд этилган.

Бу рақамлар гепатитнинг кўп ҳолларда симптомсиз кечиши ва фуқароларнинг касаллик ҳақида кеч хабардор бўлишини инобатга олганда, оммавий текширувларнинг аҳамиятини янада оширади. Тадбирда ҳам айнан эрта ташхис қўйиш, аҳолини мунтазам текширувдан ўтказиш ва касалликни бошланғич босқичда аниқлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Аниқланган беморларни даволаш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ҳисобот даврида 670 нафар беморга гепатит С вирусига қарши 1 586 қути дори воситаси ажратилди. Бу эса эрта ташхис қўйилган беморларни даволаш билан қамраб олиш даражаси ортиб бораётганини кўрсатади.

2026 йилнинг биринчи ярмида вилоят юқумли касалликлар шифохоналари ва бўлимларида 21 038 нафар бемор даволанган, шундан 11 583 нафари болалардир.

Мутахассислар фикрича, айниқса ичак инфекциялари ва вирусли гепатитлар бўйича профилактика ишларини кучайтириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Сўнгги йилларда юқумли касалликлар хизмати инфратузилмасини янгилаш ишлари ҳам амалга оширилди. Боғдод туманидаги 50 ўринли, Қува туманидаги 60 ўринли юқумли касалликлар муассасалари реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Учкўприк ва Ўзбекистон туманларидаги юқумли касалликлар бўлимларини янгилаш бўйича ҳам режалар шакллантирилган.

Шу билан бирга, хизматда рақамлаштириш жараёнлари жадаллаштирилди. 2026 йил 1 июлдан бошлаб вилоятнинг барча шаҳар ва туман юқумли касалликлар шифохоналари ҳамда бўлимлари DMED ягона ахборот тизимига босқичма-босқич интеграция қилинди. Бу беморларни ҳисобга олиш, ташхис ва даволаш жараёнларини электрон шаклда юритиш имконини кенгайтирмоқда.

Ҳисобот даврида вилоятнинг 13 та шаҳар ва туманида юқумли касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш бўйича семинарлар, мастер-класслар ва амалий машғулотлар ташкил этилди. Оилавий шифокорлар ва инфекционистлар учун ўқув тадбирлари ўтказилиб, аҳоли ўртасида гепатит, менингит, ўткир диарея ва ботулизм профилактикаси бўйича тарғибот ишлари кучайтирилди.

Халқаро гепатитга қарши кураш куни доирасида ОАВ вакиллари шифохона қошидаги гепатологик марказ фаолияти билан ҳам танишди. Марказда беморлар учун кутиш зали, фитобар, замонавий диагностик хизматлар йўлга қўйилган бўлиб, 50 дан ортиқ турдаги таҳлиллар ўтказиш имконияти мавжуд.

Фарғона вилоятида вирусли гепатитга қарши курашда асосий эътибор эрта ташхис қўйиш, бепул даволаш имкониятларини кенгайтириш ва юқумли касалликлар хизматини рақамлаштиришга қаратилган. Ярим йилда қарийб 3 минг нафар фуқарода вирусли гепатит аниқлангани бу касалликка қарши тизимли курашни давом эттириш зарурлигини кўрсатади.