Бўзатовда 50 нафарга яқин киши кўз шифокори кўригидан ўтди

Бўзатов туманида Фарғона вилоятидан борган тиббиёт мутахассислари иштирокида аҳоли учун тиббий кўриклар ташкил этилди. Икки кун давомида туман тиббиёт бирлашмаси ва 28-оилавий поликлиникада 500 нафардан ортиқ фуқаро шифокорлар кўригидан ўтди.

Турли йўналишлар бўйича қабуллар давомида беморларга зарур тиббий тавсиялар берилди, қўшимча текширув ёки даволаниш талаб этилган ҳолатлар бўйича йўлланмалар расмийлаштирилди.

Кўз саломатлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали шифокори Аброржон Холмирзаев 50 нафарга яқин беморни кўрикдан ўтказди. Уларга зарур тавсиялар берилди.

Мазкур тадбир Президентнинг Қорақалпоғистон ҳудудларини республика вилоятлари кўмагида ривожлантириш ташаббуси доирасида амалга оширилмоқда. Бўзатов тумани Фарғона вилоятига бириктирилган бўлиб, ҳамкорлик доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.