Кун давомида асабийлашиш, бирор муаммо ҳақида кўп ўйлаш, иш ёки оилавий ташвишлар сабаб ўзимизни безовта ҳис қилиш — ҳаётда кўп учрайдиган ҳолат. Бундай пайтда инсонни стресс ҳолати қамраб олади.
Аслида стресснинг ўзи ёмон нарса эмас. Қийин вазиятда у инсонни сергакликка ундайди, диққатини жамлашга ёрдам беради. Муаммо стресс узоқ давом этиб, инсоннинг кундалик ҳаётига таъсир қила бошлаганда юзага келади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стресс бош оғриғи, тана оғриқлари, ошқозон безовталиги, уйқу бузилиши, асабийлашиш ва диққатни жамлаш қийинлашиши каби ҳолатларга сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этади.
Стресс нимадан пайдо бўлади? Ҳар кимда унинг сабаби ҳар хил. Ишдаги муаммолар, оилавий келишмовчиликлар, молиявий ташвишлар, келажак ҳақидаги хавотир, узоқ давом этган чарчоқ ёки бир вақтнинг ўзида жуда кўп вазифани бажаришга уриниш ҳам инсонни руҳий жиҳатдан зўриқтириши мумкин.
Баъзан эса одамни бирор катта муаммо эмас, кундалик майда ташвишларнинг йиғилиб бориши чарчатади.
Шунинг учун стрессни бутунлай ҳаётдан чиқариб ташлашга эмас, уни тўғри бошқаришга ҳаракат қилиш керак.
Стресс пайтида инсон кўпинча овқатланиш ва уйқу тартибини бузиб қўяди. Кеч ухлаш, етарлича дам олмаслик ва кун давомида доимий шошилиш эса ҳолатни янада оғирлаштириши мумкин.
Шунинг учун ҳар куни тахминан бир хил вақтда ухлаш ва уйғониш, овқатланиш, ишлаш ва дам олиш учун вақт ажратиш фойдали.
Стрессни камайтириш учун албатта спорт залга бориш шарт эмас. Кўпроқ пиёда юриш, енгил бадантарбия билан шуғулланиш ёки очиқ ҳавода сайр қилишнинг ўзи ҳам кундалик ҳаётга фойдали одат бўлиши мумкин. Энг муҳими — кун бўйи бир жойда ўтириб қолмаслик ва ҳаракат учун вақт топиш.
Ҳамма ташвишни ичингизда сақламанг. Баъзи одамлар муаммосини ҳеч кимга айтмай, ҳаммасини ўз ичида олиб юради. Бу эса руҳий босимни янада кучайтириши мумкин.
Ишончли инсон билан суҳбатлашиш, ўзингизни қийнаётган нарса ҳақида гапириш ҳам енгиллик беради. Яқинлар билан мулоқот қилиш, одатий кундалик ишлар ва инсонга ёқадиган машғулотларга вақт ажратиш стрессни бошқаришда ёрдам беради.
Ҳар бир стресс ҳолати касаллик ҳисобланмайди. Аммо инсон ўзини бошқара олмай қолаётганини ҳис қилса, стресс узоқ давом этса ёки уйқу, иш, оилавий муносабатлар ва кундалик ҳаётга жиддий таъсир қила бошласа, мутахассисдан ёрдам сўраш керак.
И. АШИРОВ,
Фарғона шаҳар 8-оилавий поликлиникаси шифокори.