Комиловлар хонадонида уч нафар қизалоқ дунёга келди

Фарзанд дунёга келиши – ҳар бир оила учун энг унутилмас, энг қувончли кунлардан бири. Бундай бахт бир эмас, уч карра насиб этса, бу қувончнинг таърифига сўз ожиз.

Ана шундай унутилмас кун Фурқат туманида яшовчи Комиловлар оиласига ҳам насиб қилди.

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида оиланинг уч нафар қизалоғи дунёга келди. Ота-она фарзандларига Самия, Саъдия ва Сумайя деб исм қўйишди.

Учлик чақалоқларнинг соғ-омон дунёга келиши ортда катта масъулият ва фидокорона меҳнат турганини унутмаслик керак. Акушер-гинекологлар, анестезиолог-реаниматологлар, неонатологлар ҳамда ўрта тиббиёт ходимларининг ҳамжиҳатлиги туфайли она ва чақалоқларга зарур тиббий ёрдам ўз вақтида кўрсатилди.

—Ҳозирда она ва учала қизалоқнинг аҳволи яхши. Улар мутахассислар кузатуви остида, — дейди шифокор Дилфузахон Назарова.

Самия, Саъдия ва Сумайянинг умри узоқ, бахти бутун, қадами қутлуғ бўлсин! Комиловлар оиласига эса бу уч карра бахт ҳамиша барака ва саодат олиб келсин.