Олтиариқ туманида 2026 йилнинг 8 ойи давомида қайд этилган гўдаклар ўлими ҳолатлари юзасидан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси муҳокама қилинди.
Текширув натижаларига кўра, жорий йилнинг 8 ойида туманда гўдаклар ўлими кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўпайган. Шунингдек, шу даврда туғруқлар сони 4,3 фоизга қисқарган.
Таҳлиллар гўдаклар ўлимида перинатал давр касалликлари, нафас тизими хасталиклари, туғма нуқсонлар ва бошқа касалликлар асосий ўрин тутганини кўрсатган. Айрим ҳолатлар бахтсиз ҳодисалар ва юқумли касалликлар билан боғлиқ бўлган.
Хизмат текшируви давомида гўдаклар ўлими билан боғлиқ ҳолатларда тиббий хизматни ташкил этиш ва аҳоли мурожаатларига оид қатор камчиликлар аниқланган.
Жумладан, айрим ота-оналар боладаги хавфли белгиларни ўз вақтида англамагани, шифокор тавсияларига тўлиқ амал қилмагани ёки бола касал бўлганда давлат тиббиёт муассасаси ўрнига хусусий шифокорларга мурожаат қилгани қайд этилган. Айрим ҳолатларда бунинг оқибатида болалар шифохонага оғир аҳволда олиб келинган.
Ҳомиладор аёлларни антенатал патронаж билан қамраб олиш, хавф омилларини ўз вақтида аниқлаш ва 1 ёшгача бўлган болалар патронажини ташкил этишда ҳам камчиликлар аниқланган.
Пренатал скрининг сифати билан боғлиқ ҳолатлар ҳам таҳлил қилинди. Туғма нуқсон билан туғилган болаларнинг 57 фоизида нуқсонлар ҳомиладорлик даврида кеч аниқланган. Туманда пренатал скрининг учун битта УЗИ аппарати мавжуд бўлиб, унда кунига 50–70 нафар ҳомиладор аёл кўрикдан ўтказилаётгани қайд этилган.
Шунингдек, туғруқхонада оғир туғилган айрим чақалоқларни эрта уйга чиқариш, уларнинг ҳолатини тўлиқ баҳоламаслик, тиббий кузатувдаги камчиликлар ҳам текширув хулосасида кўрсатилган.
Муҳокама якунида бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва гўдаклар ўлимини камайтириш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, оила поликлиникалари оила шифокорлари, патронаж ҳамширалари ва дояларни антенатал парвариш бўйича қайта ўқитиш, пренатал скрининг сифатини ошириш мақсадида туманни қўшимча УЗИ аппарати билан таъминлаш таклиф этилди.
Шунингдек, болалар бўлимида чақалоқлар постини алоҳида ташкил этиш, “Оналар мактаби” фаолиятини кучайтириш, оналарга болалардаги хавфли белгиларни эрта аниқлаш ва бола парвариши бўйича билим бериш, хавф гуруҳидаги чақалоқларни эса ҳудудий оила шифокори назорати остида уйига чиқаришни йўлга қўйиш белгиланди.
Муҳокамада туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, хотин-қизлар ва соғлиқни сақлаш тизими вакиллари ҳамда мазкур йўналишга масъул соҳа ходимлари иштирок этди.
—————————