Муаммони олдиндан аниқлайдиган тизим — устувор вазифа

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида вилоятда 2025–2026 йилларнинг етти ойи давомида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Йиғилишга вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов раислик қилди. Унда вилоят прокурори ўринбосари Отабек Тошматов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Рамзбек Ўтабоев, соҳадаги масъуллар, туғруқ муассасалари ва болалар шифохоналари раҳбарлари иштирок этди.

Таҳлиллар давомида вилоятда туғилишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,1 фоизга камайгани қайд этилди.

Шу билан бирга, эрта туғруқлар, туғруқлар оралиғининг қисқа бўлиши, ҳомиладорларни ўз вақтида ҳисобга олиш, скрининг билан қамраб олиш, кесар кесиш амалиёти ҳамда оналар ва гўдаклар ўлими билан боғлиқ кўрсаткичлар муҳокама қилинди.

Хусусан, 15–17 ёшли қизлар ўртасида эрта туғруқлар сони 50 фоизга ошган. Туғруқлар оралиғи бир йилгача бўлган ҳолатлар, бешинчи ва ундан кейинги туғруқлар сони ҳам кўпайган.

Ҳомиладорларни 12 ҳафтагача тиббий ҳисобга олиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Кеч ҳисобга олинганлар сони вилоят бўйича 1 131 тани ташкил этган. Туғма аномалиялар билан тиббий муассасаларга мурожаатлар кўпайгани ҳам қайд этилди.

Туғруқ муассасаларида тиббий ёрдамни ташкил этиш, хусусан, реанимацион постларни ташкил қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди. Айрим ҳудудларда гўдаклар ўлими кўпайгани қайд этилди.

Кесар кесиш амалиёти билан якунланган туғруқлар улуши вилоят бўйича 15,6 фоизни ташкил этган. Айрим ҳудудларда биринчи марта туғаётган аёлларда бу кўрсаткич юқори экани билдирилди.

— Муаммони олдиндан аниқлайдиган тизим — устувор вазифа, — деди Шерзод Полвонов.

Йиғилишда туғруқ бўлими масъулларининг ташаббускорлигини ошириш, муаммоларни олдиндан аниқлаш ва профилактикага кўпроқ эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Аҳоли билан ўтказиладиган тарғибот ва профилактик учрашувларга имомларни ҳам жалб этиш, оммавий ахборот воситаларида «Соғлом она — соғлом бола» мавзусидаги тарғиботни кучайтириш таклиф этилди.

——————–