Давлат тиббий суғуртаси: маблағ бемор манфаатига хизмат қилиши керак

Фарғона вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизимининг ишлаши, мавжуд камчиликлар ва ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Иноятов иштирокидаги йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов, соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Рамзбек Ўтабоев ва тиббиёт муассасалари раҳбарлари қатнашди.

Унда давлат тиббий суғуртасининг мазмун-моҳияти, аҳоли учун афзалликлари ва хорижий давлатлар тажрибаси ҳақида сўз юритилди. 2026 йил 1 октябрдан Наманган ва Жиззах вилоятларида ҳам тизим ишга туширилиши билан давлат тиббий суғуртасини мамлакат бўйлаб босқичма-босқич жорий этиш жараёни якунланди.

Электрон рецепт тизими ва реимбурсация дастури аҳолига сурункали касалликларни амбулатор шароитда даволаш учун зарур дори воситаларини бепул олиш имконини бермоқда. Республика бўйича 1,7 миллиондан зиёд бемор ушбу имкониятдан фойдаланди. Айни пайтда дастур доирасида 28 турдаги дори воситаси бепул тақдим этилмоқда. Бу мақсадлар учун 2026 йилнинг биринчи ярмида республика бўйича 154,5 миллиард сўм ажратилган.

Йиғилишда беморларни заруратсиз стационарга ётқизмасдан, амбулатор шароитда даволаш, электрон рецепт тизимидан тўғри фойдаланиш ва суғурта маблағларини мақсадли сарфлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шерзод Полвонов аҳолининг тиббий хизматлардан розилигини таъминлаш, ортиқча ва самарасиз харажатларга йўл қўймаслик, давлат томонидан ажратилаётган маблағлардан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Бунда тиббиёт муассасалари фаолияти аҳолига манфаат келтирадиган аниқ натижаларга йўналтирилиши лозимлиги қайд этилди.

 Муҳокамада шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар