Саратон деган сўзнинг ўзи одамни хавотирга солади. Лекин унинг олдини олиш ҳақида гап кетганда, кўпчилик бунинг учун нима қилиш мумкинлигини ўйлаб кўрмайди.
Аслида эса саратонга қарши кураш касаллик аниқланганидан кейин эмас, ундан анча олдин бошланади.
Энг аввало, кундалик одатларимизга эътибор бериш керак. Чекиш, меъёрсиз алкоголь истеъмоли, ортиқча вазн, камҳаракатлик, нотўғри овқатланиш каби омиллар айрим саратон турлари хавфини оширади. Шунинг учун зарарли одатлардан воз кечиш, кўпроқ ҳаракат қилиш, овқатланиш тартибига эътибор бериш ва вазнни назорат қилиш шунчаки соғлом ҳаёт тарзи эмас, балки касалликнинг олдини олиш чораларидан ҳамдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 2022 йилда дунёда қайд этилган янги саратон ҳолатларининг тахминан 37 фоизи олдини олиш мумкин бўлган сабаблар билан боғлиқ бўлган. Бунинг ўзи кўп нарсани англатади.
Яна бир масала — касалликни кечиктириб юбормаслик. Кўпинча инсон ўзини яхши ҳис қилади ва шу сабабли текширув ҳақида ўйламайди. Айрим касалликлар эса бошланишида сезиларли белги бермаслиги мумкин. Шунинг учун ёш ва хавф омилларига қараб тавсия этилган профилактик текширувлардан ўз вақтида ўтиш керак.
Бугун мамлакатимизда ҳам саратонни эрта аниқлашга катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. 2026 йил 24 июнда қабул қилинган 238-сонли президент қарори билан саратоннинг олдини олиш ва эрта аниқлашга қаратилган миллий дастур тасдиқланди. Унда кенг тарқалган айрим саратон турлари бўйича мақсадли текширувларни кўпайтириш, биринчи бўғин тиббиёт ходимларининг онкологик ҳушёрлигини ошириш белгиланган.
Бу жараёнда оилавий шифокорнинг вазифаси ҳам катта. Қабулга келган беморнинг шикоятлари, ёши, турмуш тарзи, оиласида ушбу касаллик учраган-учрамагани каби маълумотлар эътибордан четда қолмайди. Зарур бўлса, қўшимча текширувлар тавсия этилади ёки бемор тегишли мутахассисга йўналтирилади.
Энг муҳими, одамлар ўз танасидаги ўзгаришларга бефарқ бўлмаслиги керак. Масалан, сабабсиз озиб кетиш, узоқ давом этувчи йўтал, битмайдиган яра, тананинг бирор жойида пайдо бўлган тугун ёки шиш, одатдагидан фарқли қон кетиш, ич келиши ёки сийдик чиқаришдаги ўзгаришлар кузатилса, шифокорга мурожаат қилиш зарур. Бу белгиларнинг ҳар бири саратон дегани эмас. Аммо сабабини аниқлашни кечиктирмаслик керак.
Аёллар саломатлигида ҳам профилактика муҳим ўрин тутади. Бачадон бўйни саратонининг олдини олишда HPVга қарши эмлаш ва белгиланган скрининг текширувлари самарали чоралардан ҳисобланади. Шу боис профилактик кўрикларни кейинга қолдирмаслик керак.
Яна бир оддий ҳақиқат бор. Касалликдан қўрқиб текширувдан қочиш эмас, ўз саломатлигига масъулият билан қараш керак. Саратоннинг барча турини олдини олиб бўлмайди. Лекин унинг айрим хавф омилларини камайтириш ва касалликни эрта аниқлаш имкони бор.
Шунинг учун профилактикани эртанги кунга қолдирмайлик. Соғлом овқатланиш, ҳаракат, зарарли одатлардан воз кечиш, ўз вақтида текширувдан ўтиш ва оилавий шифокор билан маслаҳатлашиш — саломатликка қўйилган оддий, аммо муҳим қадамлардир.
Ойбек НИШОНОВ,
Фарғона шаҳар 8-оилавий поликлиникаси шифокори.