Фарғона шаҳрида аҳоли ўртасида касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган «Саломатлик марафони» давом этиб, унда поликлиника жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда.
Марафоннинг мазмуни оддий: инсон ўз саломатлигига касаллик безовта қилганидан кейин эмас, ундан олдин эътибор бериши керак.
Шу мақсадда аҳоли профилактик кўриклардан ўтказилиб, саломатликнинг асосий кўрсаткичлари текширилмоқда. Қон босими, пульс, бўй ва вазн ўлчанмоқда, қондаги қанд миқдори аниқланмоқда. Зарур ҳолларда фуқаролар қўшимча текширувларга йўналтирилмоқда.
Марафон кунлари одатдагидан фарқ қилади. Бугунги қабулда ҳам ҳар бир мурожаат қилган инсоннинг шикояти, саломатлик ҳолати ва кундалик одатларига эътибор қаратилади.
Бир беморнинг қон босими ўлчанади, яна бир фуқаронинг қондаги қанд миқдори текширилади. Кимгадир вазнини назорат қилиш, яна кимгадир кўпроқ ҳаракат қилиш, овқатланиш тартибига эътибор бериш тавсия қилинади. Қўшимча текширув талаб этилган ҳолатлар эса назардан четда қолмайди.

Муҳими, профилактик кўрикнинг мақсади фақат бир кунлик текширув эмас. Аниқланган хавф омилларини ўз вақтида баҳолаш ва керак бўлса беморни кейинги босқичдаги текширув ёки даволашга йўналтириш ҳам шифокорлар зиммасида.
Текширув натижаларининг DMED электрон тизимига киритилиши эса фуқаронинг саломатлик ҳолатини кейинчалик ҳам кузатиб бориш имконини беради.
Марафон доирасида аёллар саломатлиги, репродуктив саломатлик ва айрим касалликларни эрта аниқлашга қаратилган скрининг текширувлари муҳим ўрин тутади.
«Саломатлик марафони»нинг яна бир йўналиши — ҳаракат. Оммавий юришлар, бадантарбия ва жисмоний фаолликни тарғиб қилиш орқали аҳолига яна бир оддий ҳақиқат эслатилмоқда: саломатлик учун ҳар куни вақт ажратиш керак.
Саломатлик учун катта ўзгаришлар шарт эмас. Кўпроқ юриш, овқатланишга эътибор бериш, зарарли одатларни ташлаш, қон босими ва қанд миқдорини вақти-вақти билан текшириш, шифокор кўригини кечиктирмасликнинг ўзи муҳим қадам.
Шахло Исақова,
Фарғона шаҳар 9-оилавий поликлиникаси умумамалиёт шифокори.