70 ёш — кексалик эмас

«Шу ёшга кирсам ҳам ўзимни ёшлардек ҳис қиламан. Авваллари бу ёшдаги инсонларни ҳасса таянган кексалар деб тасаввур қилардим. Ҳечам ундай эмас экан», — дейди юбиляримиз Авазбек Акбаров суҳбатимизда.

Қўлида «70» рақами туширилган қизил папка. Юзида эса табассум. Унга қараб, ёшини тасаввур қилиш қийин.

Авазбек ака Ўзбекистон туманида туғилган. 1979 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаб, меҳнат фаолиятини Фарғона шаҳар ДСЭНМда врач-эпидемиолог сифатида бошлаган.
Шундан сўнг унинг ҳаёти қарийб ярим аср давомида тиббиёт, хусусан, эпидемиология соҳаси билан боғланди. У турли йилларда Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бош эпидемиологи, Фарғона шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи, шаҳар ДСЭНМ бош врачининг эпидемиология масалалари бўйича ўринбосари, соғлиқни сақлаш бошқармасининг врач-инспектори, ОИТСга қарши кураш марказида врач-эпидемиолог ва бўлим мудири вазифаларида ишлади.

У «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони, «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармасининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

Аммо унинг ўзи учун энг муҳими мукофотлар эмас, ҳали ҳам касби билан бирга экани.

Бугун ҳам у соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритмоқда. Эҳтимол, инсонни ёш кўрсатадиган нарса ҳам шу — ўз иши, одамлар ва ҳаётга қизиқишини йўқотмаслик. Авазбек Акбаров эса 70 ёшини айнан шу руҳда кутиб олди.