Бир поликлиникадан — уч юксак эътироф (видео)

Олтиариқ туманидаги 89-оилавий поликлиникада йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган тиббиёт ходимлари бор. Буни кейинги йилларда уларнинг меҳнати юксак баҳолангани ҳам кўрсатади.

2024 йилда поликлиниканинг патронаж ҳамшираси Айнура Шакирова «Дўстлик» ордени билан тақдирланган бўлса, 2025 йилда муассаса мудири Мархабахон Алиева «Соғлом авлод учун» ордени II даражасига сазовор бўлди.

Бу йил эса поликлиниканинг катта ҳамшираси Маҳлиёхон Исмоилова Президент фармони билан «Шуҳрат» медали билан мукофотланди.

Махлиёхон Исмоилованинг меҳнат фаолияти ҳам шу жамоа билан узвий боғлиқ. У 30 йилдан буён 89-оилавий поликлиникада ишлаб келмоқда. Бугун муассаса 8 та маҳалладаги 22 минг 700 нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Поликлиникада тиббий хизматни рақамлаштириш жараёнлари ҳам изчил давом этмоқда. «Электрон поликлиника» тизими орқали беморларни электрон рўйхатга олиш, таҳлил натижаларини кузатиш, электрон рецепт расмийлаштириш ва дори воситалари таъминотини назорат қилиш имкониятлари кенгайган.

Бу ўзгаришлар тиббиёт ходимларининг ортиқча қоғозбозликка эмас, беморга кўпроқ вақт ва эътибор ажратишига шароит яратмоқда. Шу билан бирга, касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, болалар ва хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилишга устувор аҳамият берилмоқда.

————————