Она ва бола саломатлиги бўйича мониторинг ва тарғибот ўтказилди

Фарғона вилоятида она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш ҳамда аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилояти филиали мутахассислари томонидан шаҳар ва туманларда қатор тарғибот, мониторинг ва амалий ёрдам тадбирлари ташкил этилди.

Жумладан, Фарғона шаҳрининг Гулистон ва Тинчлик маҳаллалари, шунингдек Қўштепа туманининг Соҳибкор ва Кийки маҳаллаларида маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва қайноналар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда «Репродуктив саломатлик тамойиллари», «Эрта никоҳ ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари», «Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтишининг аҳамияти» мавзуларида тушунтиришлар берилди. Шунингдек,  президентнинг 402-сон қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар етказилиб, иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди.

Шу билан бирга, Фарғона шаҳри 3-оилавий поликлиникаси, Фарғона тумани 65-оилавий поликлиникаси, Қува тумани диагностика маркази, Қўштепа, Фурқат ва Тошлоқ туманлари кўп тармоқли марказий поликлиникалари ҳузуридаги аёллар маслаҳатхоналарида мониторинг ва амалий ёрдам тадбирлари ўтказилди.

Мониторинглар давомида ҳомиладор аёлларга антенатал парвариш кўрсатиш сифати, патронаж ҳамширалар, доялар ва оила шифокорлари фаолияти ўрганилди. Мутахассислар томонидан аниқланган камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Тадбирлар давомида хотин-қизлар ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиш, профилактик кўриклардан ўз вақтида ўтиш ва тиббий хизматлардан самарали фойдаланишга чақирилди.