Бугун Фарғонада соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омоновнинг ахборот тизимлари бўйича ҳамширалар билан учрашуви ўзига хос самимий муҳитда ўтди.
«Мен бугун сизлар билан очиқ мулоқот қилиш учун келдим. Бу расмий йиғилиш эмас», — деди вазир ўринбосари учрашув аввалида.
У оқ халатда беморларга хизмат қилишнинг ўзи катта масъулият ва бахт эканини таъкидлаб, тиббиётда рақамлаштириш жараёни туфайли ҳамшираларнинг иш ҳажми ортганини қайд этди.
— Бир жамоа бўлишимиз керак. Жамоамиз аъзоларидан бири касал бўлса ёки оғир аҳволга тушса, доим хабар олиб туришни одатга айлантиришимиз лозим, — деди Олим Омонов.
Учрашув давомида вазир ўринбосари бир гуруҳ ҳамширалар билан очиқ суҳбатлашди, уларни саҳнага таклиф этиб, ўз фикрини эркин билдиришга ундади.
Қувасой шаҳар поликлиникаси ходими Сайёрахон Ёқубова эса рақамли тизимларнинг беморлар учун яратаётган қулайликларига тўхталди. Унинг айтишича, йўлланмаларни расмийлаштириш ва зарур ишларни бажариш энди бир неча сонияда амалга оширилмоқда. Бу эса ҳам тиббиёт ходимининг вақтини тежаб, ҳам беморларга хизмат кўрсатиш жараёнини анча енгиллаштирмоқда.
Рапқонлик 11-оилавий поликлиника ҳамшираси Заринахон Воҳидова эса бу йўналишдаги иш фаолияти унга кўпроқ имконият яратганини таъкидлади. Унинг айтишича, бу касб орқали уй-жойли бўлган ва ўқишга кириш ниятида.
Суҳбатда Бувайда, Қува, Бешариқ туманлари ҳамда Фарғона шаҳрида фаолият юритаётган ҳамширалар ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Учрашувнинг энг илиқ лаҳзаларидан бири эса тадбир давомида кузатилди. Олим Омонов залдаги иштирокчиларни музқаймоқ билан сийлади. Кутилмаган бу илиқ муносабат залдаги эркин ва самимий муҳитни янада яқинлаштирди.
Мулоқот чоғида иштирокчилар ўзларини ўйлантираётган масалаларни очиқ айтдилар. Кимдир ҳаяжонланди, яна кимдир кўз ёшини яшира олмади.
Учрашув якунида фаоллиги ва самарали меҳнати билан ажралиб турган ҳамширалар эътироф этилиб, рағбатлантирилди.
———————