Қизил сумкали жасур аёллар

Ҳар куни тонг ёруғида эл ухлаётганда, у аллақачон йўлда. Елкасида қизил сумка, юрагида масъулият. Ҳар хонадонда, ҳар бемор олдида унинг юзи, сўзи, ҳаракати муҳим. У — патронаж ҳамшира.

Ҳа, шу қизил сумкали, кўзида меҳр, юрагида матонат билан юрувчи ҳамширалар ҳақида гап кетяпти. Уларнинг хизмати шифохона деворлари ичида эмас, балки ҳаётнинг ўзида — кўчаларда, хонадонларда, тоғ бағридаги қишлоқларда, тошли йўлларда амалга ошади.

Қўштепа тумани 86-оилавий поликлиника ҳудудий дояси Иродахон Қодированинг иш фаолиятидан лавҳа.

Иссиқ демай, совуқ демай…

Бу аёллар ҳар куни камида 5–10 километр йўлни босиб ўтади. Қишнинг қаҳратонида, ёзнинг чақноқ иссиқларида, борди-келди йўлларида ҳам уларни тўхтатадиган бирон баҳона йўқ. Уларнинг бир мақсади бор: касални даволаш, огоҳлантириш, соғлом авлодни тарбиялаш.

Кўпинча биз уларни оддий деб қабул қиламиз. Лекин патронаж ҳамширанинг хизмати фақат ҳомиладорни кўздан кечириш ёки чақалоқнинг вазнини ўлчаш эмас. У — суҳбатдош, руҳшунос, маслаҳатчи ва керак бўлса, бир дўстдир.

Тошлоқ туманидаги Тоғлиқ оилавий шифокор пункти патронаж ҳамшираси Шахнозахон Каримованинг иш фаолиятидан лавҳа.

Ҳар юзда — ҳар хил муносабат

Инсоннинг табиати ҳар хил. Кимдир меҳрибон ва самимий, кимдир шошқалоқ ва ўз дарди билан банд. Ҳар бир эшик ортида — бошқа бир олам. Ҳар бир бемор — ўз синовлари билан яшаяпти.

Патронаж ҳамшира бундай эшикларни ҳар куни тақиллатади. Баъзан у миннатдорлик билан кутиб олинади. Чой таклиф қилинади, иззат-икром қилинади.
— Қанақа яхши одамсиз! Бор бўлинг, қизим! — деб дуо қилинади.

Бироқ ҳамиша ҳам бундай бўлмайди.

— Қанчада келасиз, ҳали келмадингизми? Мен ҳозир бандман, вақтим йўқ! — дейди баъзи хонадон эгалари.
Инжиқлик, ранжитиш, шубҳа ва эътиборсизлик — бундай вазиятларда ҳамшира ўзини муҳокама қилинаётгандек ҳис қилади. Айниқса, беморнинг оғир кайфиятида айтилган қаттиқ сўзлар қалбни оғритади.

Лекин у ҳамшира. У одамларнинг оғриғини, кайфиятини, руҳий ҳолатини тушунади. Улар сизни руҳий қабул қилмаган бўлиши мумкин, лекин бу — улар касаллик билан курашаётган бир лаҳза, деб ўйлайди у.

Баъзан шундай кунлар бўладики, у эшикдан чиқиб кетгач, кўзлари намланади. Кўчада юриб, қалбида хомушлик билан:
“Шу кунда яна бир инсонга керакманми ёки ортиқчамиканман?” — деб ўзига савол беради.

Аммо эртаси куни…

У яна ўша қизил сумкасини елкасига осади. Юрагида сабр, юзида табассум, қўлида қалами билан навбатдаги хонадонга қараб йўл олади. Чунки у яхши билади:
бугун хафа қилган бемор, эртага ўзини хато қилганини англаб, кўзларида миннатдорлик билан қараши мумкин.

Чунки у учун бу иш эмас. Бу — касб эмас, шиор. Бу — юракдаги бурч.

Патронаж ҳамшира — нафақат тиббий ёрдам берувчи, балки сабр, руҳ, муҳаббат ва инсонпарварлик намунаси. У ҳаётга ва одамларга ишонишни танлаган.

Риштон тумани 47- оилавий поликлиника патронаж ҳамшираси Дилнозахон Мамадалиеванинг иш фаолиятидан лавҳа.

Жасоратнинг бошқа юзи

Патронаж ҳамширалар ҳар куни бир неча хонадонга кириб, болаларни эмлаш, беморларни назорат қилиш, шифокор маслаҳатларини етказиш, зарур бўлса, оилаларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш билан машғул. Унга ҳар куни янги ҳаёт синови кутаётгандек. Ҳар бир қадам — эл соғлиги учун.

Қизил сумка — унинг рамзи. У сумкада ўнлаб воситалар, дорилар, қайд дафтари ва шифо қўли бор. Ундан иссиқлик, меҳр, ихлос ва умид таралаб туради.

Ўзбекистон тумани 71- оилавий поликлиника патронаж ҳамшираси Н. Тешабоеванинг иш фаолиятидан лавҳа.

Эътирофга лойиқ…

Ҳар бир маҳаллада, ҳар бир туманда, ҳар бир шаҳарда шундай жасур, сабрли, меҳрибон ҳамширалар бор. Улар тизимнинг ажралмас ва фидоий бўғинидир.

Агар йўлингиздан шундай қизил сумкали ҳамшира чиқиб қолса, бир сўз билан бўлса-да: ‘Раҳмат!’ деб қўйинг. Балки шунчаки сўз — унинг юзида табассум, юрагида куч уйғотади.

Бош суратда, Фарғона тумани Қўрғонтепа ОШП ҳамшираси
С.Бойназарованинг иш фаолиятидан лавҳа тасвирланган.

Иқболжон Абдужабборов.