Гап кўп, амал кам

Фото: blog.vsemayki.ru

Соғлом турмуш тарзи ҳақида жуда кўп эшитамиз. Кундалик ҳаётда бу атамага доимо дуч келамиз: «Тўғри овқатланинг», «Спорт билан шуғулланинг», «Стрессдан сақланинг», «Кам ҳаракатсизликка қарши курашинг»… Лекин негаки, бундай тавсиялар кўпчиликнинг ҳаётида амалиётга айланмайди? Хўш нега?

Психологик қаршилик:

“Эртага бошлайман”

Инсон табиатан ўзини тинч ҳис қилишини яхши кўради. Меҳнат талаб қилувчи ўзгаришлар эса, орада нороҳатлик юзага келтириши мумкин. Шу боис кўплар «эртага бошлайман», «вақтим бўлса» каби баҳоналарга суянади. Буни психологияда “инкор механизми” дейишади — инсон ўз зарарига бўлса ҳам ёмон одатларини тан олмасликка ҳаракат қилади.

Ноқулай муҳит ва ёмон одатлар

Жамиятда зарарли одатлар кўп тарқалган бўлса, соғлом ҳаётни танлаш қийин кечади. Масалан, ёшлар тез тайёр таомларга кўникиб қолган, танафаусда энергетик ичимликлар истеъмол қилиш ёки мунтазам гаджетга боғланиш каби ҳолатлар нормаллашиб кетган.

Факт: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунё аҳолисининг 80 фоиз ҳаракат етишмовчилигидан азият чекмоқда. Бу юрак-қон томир, қандли диабет ва саратонинг ўсиш сабабларидан бири.

Вақт танқислиги ва стресс

Кўпчилик “менда соғлом турмуш учун вақт йўқ” дейди. Чунки иш, оила, мактаб, масъулиятлар билан банд. Аммо муаммо вақтда эмас, афзаллик беришда. Инсон саломатлигини биринчи ўринга қўймаса, эртами кечми бунинг оқибатини сеза бошлайди.

Факт: Илмий тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, кунда 30 дақиқалик жисмоний фаоллик инсульт хавфини 25–30 фоизга камайтиради.

Иқтисодий ва маълумот етишмовчилиги

Соғлом овқатланиш — кўплар учун қиммат, деб ўйланади. Лекин тўғри овқатланиш мажбурий равишда органик ёки экзотик маҳсулотлардан иборат эмас. Иштиёқ ва маълумот бўлса, ҳатто оддий бозор маҳсулотлари билан ҳам тўғри овқатланиш мумкин.

Факт: Harvard Health тадқиқотига кўра, ҳар ҳафта 1-2 марта овқатда пиёз, саримсоқ, кабачки ва кўкатлар қўлланилса, қон босими ва вазн мувозанатда сақланади.

Ахборот таҳдиди – “соғлом ҳаёт” рекламага айланган

Интернетда “соғлом ҳаёт” тушунчаси кўп ҳолларда нотўғри талқин қилинади. Айрим инфлюенсерлар спортни фақат чиройли тана учун, диетани эса мода учун тарғиб қилади. Бу эса оддий инсонда “бу менга мос эмас” деган фикр уйғотади.

Фото: thegearpage.net

Бугунги кунда жаҳон миқёсидаги энг катта муаммолардан бири — инсонларнинг кундалик жисмоний фаолликдан узоқлашгани, яъни камҳаракатлилик. Бу жараёндан, афсуски, Ўзбекистон ҳам четда қолмаяпти.

ЖССТнинг расмий маълумотига кўра:

2022 йилги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 18 ёш ва ундан катта аҳолининг 32 фоизи жисмоний фаоллик даражаси бўйича жаҳон стандартларига жавоб бермайди. (Манба: WHO Uzbekistan Country Profile, 2022)

Бу дегани — ҳар 3 катта ёшлидан бири ҳафтасига тавсия этилган камида 150 дақиқа енгил ёки 75 дақиқа фаол жисмоний ҳаракатни ҳам бажармаяпти.

Камҳаракатлилик нималарга олиб келади?

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, мунтазам жисмоний фаоллик етишмаслиги:

  • Юрак-қон томир касалликлари
  • Семизлик
  • Стресс ва руҳий тушкунлик
  • Суяклар заифлашиши
  • Қандли диабет ва ҳатто эрта ўлим хавфини бир неча баробар оширади

Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 3.2 миллиондан ортиқ инсон жисмоний фаоллик етишмаслиги туфайли ҳаётдан кўз юмайди.

Қандай қилиб бу ҳолатни ўзгартириш мумкин?

Соғлом турмуш тарзи — қиммат дори ёки фитнес клуб эмас. Уни қуйидаги оддий одатлар билан бошлаш мумкин:

  • Лифт ўрнига зинадан чиқиш
  • Кунда 30 дақиқа пиёда юриш
  • Автобус тўхташ жойигача бир бекат пиёда юриш
  • Ҳар соатда 5 дақиқа юриш учун иш жойида туриш
  • Рақс, боғда ҳаракат, болалар билан ўйинлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан юртимизда “Соғлом турмуш тарзи”, “5000 қадам” каби лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айниқса, мактаб ва маҳалла даражасидаги юриш марафонлари, оммавий югуриш ва веломарафонлар аҳолида ҳаракатни тарғиб қилишда муҳим ўрин тутаяпти.

Танлов сиздан бошланади

Соғлом турмуш тарзи — бу на мода, на мажбурият. Бу ҳаёт учун миннатдорлик ифодаси. У қимматли замонавий ускуналар ёки спортзаллар билан эмас, балки кундаги оддий қарорлар билан бошланади:

  • эрталаб бир стакан сув,
  • пиёда юриш,
  • шўр ва шакарни камайтириш,
  • яхши уйқу,
  • бироз кўпроқ ҳаракат ва кўпроқ табассум.

Бахт ва соғлиқ бериладиган нарса эмас — танланадиган неъмат. Танлов ҳар куни, ҳар соатда ўз қўлингизда. Гапингиз кўп, амалингиз кам бўлмасин!

Эртани кутманг — соғлом ҳаётни бугун бошланг.