Қўштепа туманидаги 87-оилавий поликлиника ходимлари аҳолининг соғлигини сақлаш ва касалликларни эрта аниқлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 210-сонли буйруғи асосида тузилган режага биноан одамлар патронаж ва профилактик кўриклардан ўтказилмоқда.
Айниқса, кекса ёшдаги сурункали касаллиги бор беморлар, ўзгалар парваришига муҳтож кишилар ҳамда ногиронлиги бўлган фуқаролар доимий тиббий кузатув остига олинган. Шунингдек, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги аҳоли ўртасида скрининг дастурлари орқали саратон касалликлари, юрак-қон томир тизими ва бошқа хасталикларнинг эрта аниқланиши йўлига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
87-оилавий поликлиника ҳамшираси Иродахон Нуралиева Янги Ариқ маҳалласида олиб борилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни айтиб ўтди:
— Биз аҳоли билан яқин мулоқотда бўлишга ҳаракат қиламиз. Айниқса, кексалар, ногиронлар ва муҳтож инсонларимиз ҳолидан доимий хабардормиз. Уларга керакли маслаҳатлар, патронаж кўриги ва зарур муолажаларни ўтказиш — ҳар бир тиббиёт ходимининг бурчидир. Фуқароларнинг саломатлиги учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Мақсадимиз — касалликни даволаш эмас, уни олдини олишдир.
— Шунингдек, ҳозирги кунда универсал-прогрессив патронаж модели асосида иш олиб бораяпмиз. Бу модел бизга аҳолининг ҳар бир қатлами билан яқиндан ишлаш, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни алоҳида назоратга олиш имконини бераяпти.
Илгаригидек фақат бола ёки ҳомиладор аёлни эмас, балки бутун оилани ўрганамиз — кимда қандай хасталик бор, ким ёлғиз, кимга парвариш керак — шуларнинг барчасини ҳисобга оламиз. Айрим хонадонларга бир марта кириш кифоя бўлса, баъзиларига ойига бир неча бор боришга тўғри келади.
Универсал-прогрессив моделнинг асосий самараси шундаки, биз фақат касал чиққандан кейин эмас, касалликка йўл қўймаслик учун ишлаяпмиз. Кўпгина сурункали касалликлар — гипертония, диабет, бронхит ва бошқаларни эрта босқичда аниқлаб, даволашни бошлай олаяпмиз.
Бу нафақат беморлар учун, балки уларнинг яқинлари учун ҳам катта енгиллик. Шу сабабли, фуқароларимиздан фаол ҳамкорлик ва очиқ мулоқот бўлишини хоҳлардим. Ҳар бир хонадон, ҳар бир инсон биз учун муҳим!
Бундай аҳамиятли ишлар Қўштепа туманида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, касалликларни эрта аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим омил бўлмоқда.